‘Янги Ўзбекистон эски қилиқлардан воз кечмаяптиʼ – аммо президент Мирзиёевга кўра, миллий медиа "тўртинчи ҳокимият" даражасига яқинлашиб қолган

karimov

Сурат манбаси, President.uz

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон иккинчи ҳукумати сиёсати тобора марҳум Ислом Каримовникига ўхшаб бораётгани борасидаги хавотирлар 2024 йилда ҳам кучайиб бормоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини яна табриклади.

"...куюнчак ва олижаноб журналистларимиз, фаол блогерларимиз ўзларининг қатъий позицияси, ҳаққоний сўзи билан ҳаётимиздаги ўткир муаммоларни ҳал этиш, ислоҳотларимизнинг самарасини ошириш, юртдошларимизнинг фикрини, дунёқарашини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси миллий медиа воситаларимиз "тўртинчи ҳокимият" даражасига яқинлашиб бораётганидан далолат беради. Шу билан бирга, бундай юксак маррага етиш осон эмаслиги, бу йўлда тўсиқ ва қийинчиликлар бўлиши табиийдир.

Лекин, қанчалик қийин бўлмасин, бу борадаги ишларимизни қатъият билан давом эттирамиз..."

Аммо миллий матбуотда ички ва ташқи цензура тобора кенг қулоч ёйиб бораётганидан хавотирлар сўнгги икки йил ичида кўпроқ янграмоқда.

Мамлакат медиаси, айниқса давлат назорати остида бўлган телевизион, радио каналлар, босма нашрлар шундоқ ҳам бир неча мавзуларни анъанавий тарзда "четлаб" ўтади.

Бу каби ёпиқ ёки гапириб бўлмайдиган мавзуларнинг энг аввалида мамлакат президенти оила аъзолари туради.

Россиянинг Украинага очган уруши ҳам телевизион каналларда "четлаб" ўтилади.

Аммо вазият Ислом Каримов давридагидан бироз фарқлироқ...

Prezident.uz/BBC

Сурат манбаси, Prezident.uz/BBC

Ислом Каримовдан кўра очиқроқ бўлишга интилиш кайфияти йиллар аввал кузатилган эди, эски қилиқлардан воз кечиш эса анчайин мушкул, дейилади The Diplomat журналида эълон қилинган навбатдаги мақолада.

Қонунчилик палатаси депутатлари 25 июнь куни чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистонда исталмаган шахс мақоми берилишига асос берувчи қонунни учинчи ўқишда маъқуллаган.

Эндиликда, бу қонун асосида Ўзбекистон ҳақида номақбул гап айтган чет элликларнинг Ўзбекистонга кириши тақиқланиши мумкин.

Шунингдек, янги тартиб билан номақбул, деб топилган шахслар мамлакатдан депортация қилинади ҳам.

Хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларда бундай мақом юзага келишига мамлакат суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига таҳдид солувчи, адоват қўзғатувчи, халқ шаъни, қадр-қиммати ёки тарихини камситувчи нутқ ва ҳаракатлар сабаб бўлиши мумкин.

Июнь ойи бошида депутатлар ушбу мазмундаги қонун лойиҳасини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар тарқалиши ортидан ўзбекистонлик фаоллар том маънода икки лагерга бўлингани кўринган.

Бир томон қонун лойиҳасини олқишлаб, у Ўзбекистон ҳақида салбий фикр-қарашларни айтиб чиқаётган россиялик сиёсатчиларга қарши ишлатилишидан умид қилишини таъкидлаган.

Масалан, журналист Шерзодхон Қудратхўжа бу янгиликдан хурсандлигини яширмаслиги ҳамда қонун "оғзи ботир одамларни ўрнига қўйиб қўйиши"ни таъкидлаган.

Бошқа томон эса Мирзиёевнинг Россия билан қалин алоқаларига ишора қилиб, янги қонун импер��лист кайфиятдаги рус сиёсатчилари эмас, балки асосан Ғарбдаги танқидий қарашли фаоллар "овозини ўчириш воситаси"га айланиб қолишидан хавотир билдирган.

Бир вақтнинг ўзида, мазкур қонун Ўзбекистон тобора қўрқув режимига айланиб бораётганидан дарак берувчи навбатдаги белги экани таъкидланган фикрлар ҳам кенг янграган.

Айни қонун қабул қилинган кунда нуфузли The Diplomat нашри эълон қилган мақолада ҳам янги тартиб кўпроқ ташвишли сигнал эканига ишора қилинади.

"Бугун Ўзбекистонда гувоҳи бўлиб турганимиз ҳолат - бу полиция ва судлов тизими фаоллар ҳамда ҳукумат, жумладан, Ўзбекистон президентини танқидга тутаётганларни ҳибсга олиш, жавобгарликка тортишда янада дадилроқ ҳаракат қилмоқда", ёзади мақола муаллифи.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

"Эски давр"га қайтаётган "Янги Ўзбекистон"

president

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 2016 йилда собиқ сиёсий тизим ичидан қудратга келиши ортидан ўзини Ислом Каримов сиёсатидан намойишкорона узоқроқ тутгани билан ёдда қолган Мирзиёев режими ва ўтмишдоши ўртасидаги фарқлар шиддат билан камайиб бораётгани ҳақида ташвишлар янгилик эмас.

2016 йилда собиқ сиёсий тизим ичидан қудратга келиши ортидан ўзини Ислом Каримов сиёсатидан намойишкорона узоқроқ тутгани билан ёдда қолган Мирзиёев режими ва ўтмишдоши ўртасидаги фарқлар шиддат билан камайиб бораётгани ҳақида ташвишлар янгилик эмас.

Ҳам мамлакат ичидаги фаоллар, ҳам хориждаги кузатувчилар ўтган 2023 йилни "Мирзиёев ваъдалари ва ислоҳотларида энг кўп орқага қайтиш йили" дея атаган.

Ўтган йил давомида BBC'дан тортиб Foreign Policy'гача бўлган қатор нуфузли нашрлар ҳамда халқаро ташкилотлар Ўзбекистоннинг иккинчи президенти ўзининг инсон ҳақлари, матбуот, сўз ва бошқа фуқаровий эркинликларга доир берган ваъдаларидан чекинаётгани, мамлакат борган сари полиция давлатига айланиб бораётгани тилга олинган туркум мақолалар, таҳлилларни эълон қилган.

Матбуот устидан норасмий цензуранинг кучайиши, фуқаровий эркинликларнинг чекланиши, формаликлар қўлидаги қудрат ортиши, кўплаб матбуот вакилларининг қамоққа ташланиши халқаро рейтингларда ҳам ўз аксини топмай қўймаган.

Мамлакат май ойида эълон қилинган Матбуот эркинлиги рейтингида оз-эмас, кўп эмас - 11 поғонага пастга қулаган.

2024 йилда ҳам маҳаллий фаоллар ўзаро ёпиқ мулоқотларда ҳукумат исталмаган қарашларни таъқиб қилишда борган сари дадилроқ бўлаётгани, жамоатчилик олдида ҳисобдорлик ҳиссини тобора унутиб бораётганидан хавотир билдирмоқда.

Халқаро кузатувчилар ҳам бундай хавотирларни илғаётганини кўрсатиб бормоқда.

"Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилда қудратга келишидан кўп ўтмай, аввалроқ шунчаки ўз бурчини адо этиши ортидан панжара ортига ташланган ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар озод этилган давр келган эди. Гўё "янги" Ўзбекистон бўй чўзаётгандек кўринганди: президент Ислом Каримов давридагидан очиқроқ мамлакат - ҳамкорликка, инвестицияларга ва, вақти-вақти билан, ислоҳотларга очиқлик. Аммо бу йиллар аввал бўлган эди ва эски қилиқлардан воз кечиш жуда қийин", дейилади The Diplomat'нинг 25 июнь кунги мақоласида.

"Журналистга лайк босма"

rabbimov

Май ойи сўнггида Владимир Путин давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келар экан, ижтимоий тармоқда Россия президенти шахси ва сиёсатига нисбатан танқидий қарашларни илгари сурган камида уч ўзбекистонлик айни ташриф кунлари кучишлатар тизимлар томонидан сўроққа тутилгани тўғрисида Би-би-сига хабар берди.

Яна бир қанча ўзбекистонлик айни мазмундаги пост-изоҳлари ортидан суҳбатга чақирилгани ҳақида ижтимоий тармоқда ёзиб қолдирган.

Ҳукумат бу хабарларни ҳеч жўяли изоҳламаган.

Тармоқда Ўзбекистонда бошқа давлат раҳбарини ҳам танқид қилиб бўлмайдиган муҳит шаклланиб улгургани айтилган ярим танқидий, ярим мутойибали кўплаб фикрлар қолдирилган.

30 май куни Human Rights Watch ташкилоти мамлакатда президентни ҳақоратлашда айбланиб, қамалаётганлар сони ошиб бораётганидан ташвиш билдириб чиққан.

Шундай айб билан қамалган бир неча ўзбекистонлик исмини тилга олган ташкилот одамлар президент ва бошқа амалдорларни бемалол танқид қила олиш ҳуқуқига эга бўлиши кераклигини таъкидлаган.

Бир вақтлар эркинликларда энди ортга қайтилмаслигини такрорлаб чарчамайдиган, ҳатто хорижий ОАВга ҳам раҳмат айтган Мирзиёевнинг матбуотга нисбатан риторикасида шу йил бошида кескин бурилиш кузатилган.

Январь ойида президент Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ахборотга бўлган эҳтиёж тўлдирилмаса, буни хориждаги манбалар амалга оширишини таъкидлаган.

Давлат раҳбарининг бу таъкиди ортидан ҳукумат ахборот устидан назоратни янада кучайтиришга бел боғлаганига оид хавотирлар юзага келган.

Йил бошидан бери матбуот вакиллари, танқидий қарашга эга инсонларнинг ҳибсга олиниши, қамалиши ҳолатлари тўхтамас экан, таниқли журналист Илёс Сафаров цензура ўзининг янги чўққисига чиққани ҳақида ёзган.

У 23 июнь куни Facebook'даги ўз саҳифасида қолдирган постида давлат амалдорларидан бири ўзи раҳбарлик қилаётган тизим ходимларига "журналистнинг постларига лайк босиш, изоҳ ёзишни тақиқлаган"ини иддао қилган.

"Топшириқ у ўтказган йиғилишлардан бирида берилган. Топшириқнинг улуғворлигини ошириш мақсадида ҳатто бунга қадар постларимга лике босиб келаётган баъзи ёш кадрлар йиғилишнинг ўзида сўкиш эшитволибди", дея ёзган ўз манбасидан келган маълумотни ўртоқлашаётганини билдирган журналист.

Сешанба куни The Diplomat нашрида чоп этилган мақола муаллифи эса мамлакатда кузатилаётган бундай хавотирли вазият манзарасида Ўзбекистон президентининг "ислоҳотлар ҳақидаги ваъдалари тобора пуч" бўлиб бораётгани, "Янги Ўзбекистон эски қилиқлар"дан қутилмаётганини таъкидлайди.

"Сўз ва фикр эркинлиги, сиёсий тизимни соғломлаштиради ва кучайтиради, давлатни қудратини оширади. Дунёдаги иқтисодий энг бой, ҳарбий қудратли, геосиёсий салоҳиятли давлатларни мутлақ аксарияти — сўз эркинлиги тўлиқ таъминланган давлатлардир", дея ёзади таниқли сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов 25 июнь куни тармоқда қолдирган постида.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.