Ўзбекистон: Фарзандини ҳужрага берган ёки Миср, Туркияга юборган ота-оналар жазоланиши мумкин

madrasa

Сурат манбаси, AFP/Getty Images

ИИВ ташаббуси билан қабул қилинаётган қонун лойиҳасига кўра, болаларини ҳужраларга ўқишга бераётган ва Миср, Туркия каби давлатларга диний таълим олиш учун юбораётган она-оналар маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Айрим депутатлар Ўзбекистонда болаларнинг диний таълим эҳтиёжи қондирилмаганини айтган бўлса-да, қонун лойиҳаси кейинги муҳокама учун депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистонда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

"Яъни, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан бола қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилинса, БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жаримага тортилади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосини тайинлаш белгиланмоқда", дейилади расмий хабарда.

"Ҳужралар ва четга кетишлар кўпаймоқда…"

Олий мажлис йиғилишида қонун лойиҳасини таништирган Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг ўринбосари Рамазон Ашрапов ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ҳужраларга ёки таълим бериш учун лицензияга эга бўлмаган шахсларга диний таълим олиш учун бериш ҳоллари кун сайин кўпайётганини айтди.

Унга кўра, молиявий рағбатлантириш, қонунга хилоф ҳужра ва шахсларнинг кўпайишига олиб келмоқда.

Натижада уларнинг диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғояларининг қурбонига айланишига олиб келмоқда, дея қўшимча қилди у.

"Бир қанча мисолларни келтириш мумкин. Масалан, айрим фуқароларимиз фарзандларини хорижга диний билим бериш мақсадида уларни Ўзбекистондан олиб чиқиб, хорижда қолдириб келган. Натижада, фарзанди диний таълим олиш жараёнида турли ёт ғоялар таъсирига тушган ва террористик ташкилотларга аъзо бўлганлиги аниқланган. Ёки ҳуқуқни мҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тадбирларда республиканинг турли вилоятларида диний таълим бериш учун лицензияга эга бўлмаган фуқаролар томонидан ўз хонадонларида вояга етмаганларга диний сабоқ бериб келганлик ҳолатлари аниқланмоқда", дейди Ички ишлар вазирининг ўринбосари Рамазон Ашрапов.

"Олдин қонуний таълим берилсин…"

iqtibos

Олий Мажлис йиғилишида "Миллий тикланиш" партиясидан депутат Ўктам Исломов жазони кучайтириш орқали билдирилаётган хавотирларни камайтириб бўладими, деган саволни ўртага ташлади.

Депутат Ўзбекистонда конституцияга зид равишда қонуний таълим олиш тақиқланганини таъкидлади. Унга кўра, Ўзбекистонда вояга етмаган болалар қонуний таълим олиш ҳуқуқидан бебаҳра қолган.

"8-моддадаги қисм турадиган бўлса, у нотўғри талқинларга олиб келиши мумкин, ҳеч қандай ечим бермайди. Шунинг учун мен ўйлайманки, бу қонунни, бу нормани ҳозир киритишга эҳтиёж йўқ. 8-моддага тегишли ўзгартиришлар бўлгандан кейин бўлиши мумкин. Чунки ҳозир бу ерда ёзяпмиз,"ноқонуний" деяпмиз, лекин қонунийнинг ўзи йўқ. Қачонки қонуний бўладиган бўлса, унда ноқонунийга жазо қўллашимиз мумкин. Қонунийнинг ўзи бўлмагандан кейин унга жазо қўллашга ҳеч қандай эҳтиёж йўқ", дейди Ўктам Исломов.

Қонун Миср ва Туркияга диний таълим олишга кетаётган болаларни жиловлайдими?

Лойиҳа ташаббускорларидан ИИВ вазирлиги Терроризмга қарши курашиш махсус хизмати масъул ходими, подполковник Абдувоҳид Шукуров Ўзбекистон фуқаролари фарзандларига диний таълим бериш мақсадида, хорижий давлатлар - Миср, Туркияга олиб чиқиб кетиш ҳолатлари кўп учраётганини айтди.

"У ердаги ҳужраларда таълим бераётган шахслар араблар эмас, бизнинг ўзимидан қидирувда бўлган, ёки Ўзбекистонда таълим беришга лаёқати бўлмаганлигидан хорижга чиқиб кетган шахслар ҳисобланади. Бизнинг асосий мақсадимиз, уларнинг соғлом, соф исломий билим олишларини таъминлаш. Эктремистик ва террорчи ташкилотларнинг таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш", дейди Абдувоҳид Шукуров.

Бироқ кузатувчилар Ўзбекистонда қонун билан болаларнинг диний таълим олиш ҳуқуқи чекланганлиги учун ота-оналар муқобил йўл излаб четга юборишга мажбур бўлаётганини айтишади.

Ўзбекистондаги мавжуд 16 та ўрта-махсус диний таълим муассасалари фақат 16 ёшга тўлган болаларни қабул қилади ва уларнинг сони мусулмонларнинг талабига жавоб беролмаслиги айтилади.

Энди ота-оналар ҳам болаларига диний таълим беролмайдими?

ЎзЛиДеП партиясидан Олий Мажлис депутати Дониёр Ғаниев Ўзбекистонда амалдаги қонунчилик бўйича болага профессионал диний таълим бериш мумкин эмаслигини айтади.

"Бу "Виждон эркинлиги" тўғрисидаги қонунда муҳрланган. Лекин нопрофессионал тарзда ота-она томонидан уйда ўргатилишига тақиқ йўқ амалдаги қонунчилик бўйича. Лекин сизлар таклиф этаётган қонун лойиҳаси афсуски, мана шу тешикни ҳам беркитиб оляпти. Чунки сизлар қонунга хилоф равишда диний таълимга жалб қилиш, деяпсизлар. Ҳеч қаерда қонунга хилоф равишда ташкил этилган муассаса ёки диний таълим берадиган ташкилотга демаяпсизлар. Яъни бу бераётган нормаларинг билан уйдаги ота-она фарзандига диний таълим берса, у ҳам жавобгарликка тортиладиган нормага айланяпти. Сўзма-сўз ўқилса шундай бўляпти", дейди у.

Депутатга кўра, чунки қонунга хилоф равишда, деб ёзгандан кейин қонунийси борми деган савол келиб чиқади. Қонунийси бўлмагандан кейин қонунга хилоф равишда, деб ҳам ёзиб бўлмайди.

"Биринчи навбатда қонунга хилоф равишда фаолият юритаётган диний муассасага жалб қилиш денглар. Чунки қонунан ишлаётган муассаса ҳеч қачон болани таълимга олмайди. Фақатгина ноқонуний ишлаётган муассаса олиши мумкин-да ўзи", дейди Ғаниев.

Халқнинг диний таълим эҳт��ёжи қондирилмаяптими?

Дониёр Ғаниев Ўзбекистонда диний эҳтиёж қондирилмаётгани учун оқибатлари келиб чиқаётганини таъкидлади.

"Ўзларинг ҳужраларнинг сони ошиб бораётганини статистикасини беряпсиз. Биз кўпинча қонунларда оқибат билан курашишига ўрганиб қоляпмиз. Ноқонуний ҳужралар очиляпти экан. Бунинг сабаби ўрганилиб, таҳлили бериляптими? Ҳукумат томонидан шу нарса кўриляптими? Шунча бола ўқитиляпти экан, демак диний эҳтиёж бор экан. Эҳтиёжни қондириш ўрнига оқибат билан курашаверсак, бунинг охирига ета олишларингга ишончларинг комилми? Кўзларинг етяптими? Оқибатнинг орқасидан қувлаб юравериб, бу тартибдаги ҳуқуқбузарликларни тўхтатишга ишоняпсизларми?", дейди у.

Қонун ташаббускорларидан депутат Умида Раҳмонова 18 ёшдан кейин профессионал таълим беришга рухсат борлиги ва уйда ота-оналар фарзандларига ўзлари ўргатиши бўйича қонунда ҳеч қандай тақиқ йўқлигини айтди.

У савол берган барча депутатларни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ишчи гуруҳ билан ишлашга таклиф қилди ва иккинчи ўқиш жараёнида қонун ижодкорлари билан бу саволларга жавоб топишини айтди.

Депутат Дилбар Усмонова қонунни биринчи ўқишда концептуал қабул қилиб, кейинги муҳокамаларда диний назорат вакиллари ва муфтини таклиф қилиб, уларнинг ҳам фикрини эшитишни таклиф қилди.

Ижтимоий тармоқдагилар қонун лойиҳасини танқид қилишди

"Қуръон ёдлаш, ��ддий ҳадис ўрганиш, ахлоқ таълими дунёнинг ҳеч бир жойида проффесанал диний таълим саналамайди, балки ўзлик ҳисобланади. Уни таъқиқлаш ўзликни емиради. Яна бир мантиқсизлик, проффесанал таълимни ота она ўзи бера олмагач, уларга таъқиқ қўйишга нима ҳожат бор?", дейди Ҳасан Муқрий.

16 йилдан ортиқ вақт мобайнида Москвада яшаган ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад . Ўзбекистон кўплаб соҳаларда Россиядан намуна олаётганини айтади.

Унинг ёзишича, Россия Федерацияси "Виждон эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисида" ги қонунининг 5-моддаси диний таълим ҳақида.

"Унга кўра: Динни ўргатиш ва диний тарбия таълим фаолияти ҳисобланмайди. Биздаги қонунга ҳам айнан шундай модда керак", дейди у.

Иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров қонун лойиҳасининг шундай қабул қилиниши оила институтига катта зарба бўлишини айтади.

"Бу ҳолда ушбу қонун қабул қилинса, жуда катта хато бўлади, чунки Конституциядаги диний даҳлсизлик нормаси бузилади. Ота-она ҳам кимлардир томонидан диний деб топилган оддий тарбия сўзларидан ўзларини тия бошлайдилар. Бу оила институтига илдизига жуда катта болта уриш", дейди у.

Собиқ имом Шермурод Тоғай атеист советлардан нима фарқимиз бор, деб савол беради.

"Даҳрий советдан нима фарқимиз бор? Мустақил бўлгач хурлик беринглар. Терроризм таълимга баҳона бўлмаслик керак. Бугун диний таълим, Исломдан мутлақо хабари йўқ,номи мусулмонлар турли портлаш,террористлик амалларни қилмаябдими? Россияда террорист деб гумон қилинганлар ғирт саводсизлиги кўриниб турибди. Аммо мусулмонлик даъво қилади. Балки ўқиган бўлганида Аллоҳ таолодан қўрқиб жиноят қилишмасмиди?", дейди у.

"Ноқонуний диний таълим... Қонунийси қаерда, кимларга, эҳтиёжни қондирадиган даражадами ёки битта кичик маҳаллани ҳам эплолмайдими? Бу саволларга ким жавоб беради?", дейди Зиёвуддин Раҳим.

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002