Коронавирус, бугуннинг саволи: 7 миллиард дунё аҳолисини қандай эмлаш мумкин? - O'zbekiston, koronavirus

  • Наоми Гримли
  • Халқаро масалар бўйича Би-би-си мухбири
Glass vials

Сурат манбаси, Reuters

Коронавирус, бугуннинг саволи: 7 миллиард дунё аҳолисини қандай эмлаш мумкин? - Нима учун совутгич, шиша флакон ва сайлов шохобчалари бунда муҳим рол ўйнайди?

Ковид-19 га қарши самарали вакцина яратиш учун дунё бўйлаб бир қатор гуруҳлар ишламоқда.

Британия бош вазири бу жараённи "Бизнинг замондаги бутун дунё учун умумий ва энг долзарб уринишдир" деб атади.

Бу курашда ғалаба келтирувчи формулани топишни бир ён қўя турайлик, у топилганда ҳам дунёдаги 7 миллиард аҳолига уни қандай етказамиз, бунинг логистикаси қандай бўлади?

Буюк Британиянинг бу борада кўраётган тадбирлари Оксфордширдаги Қироллик ҳарбий ҳаво кучларининг собиқ авибазасида жойлашган Ҳарвел Фан Кампусида кечмоқда.

Бу ер Британиянинг Вакцина ишлаб чиқариш ва Инновация маркази (ВИИМ) бўлади. Бу режа Ковид-19 тарқалиши ортидан ишлаб чиқилган эди.

"Биз ишларни деярли икки карра тезлаштирдик. Аввал бошда 2022 йил охирида ҳаммаси тайёр бўлишини мўлжаллаган эдик. Ҳозир 2021 йилдаёқ унга онлайн ҳолатда эга бўламиз," дейди ВИИМ бош директори Мэтью Дюшарс.

Vaccination graphic

Сурат манбаси, Getty Images

"Кекс пиширишга ўхшайди"

Жаноб Дюшарс ҳали ёзги таътилга чиқмаган, чунки Окфорд университети вакцинаси мана шу жойда ишлаб чиқарилиши мумкин. У Окфорддаги Женнер институти гуруҳи билан давомий алоқада.

The UK's Vaccines Manufacturing and Innovation Centre (VMIC)

Сурат манбаси, VMIC

Бу жуда оғир масъулият эканини айтади у.

"Бу вакциналарни тез ва самарали ишлаб чиқариш нафақат мамлакат, балки бутун дунё учун ҳам ғоят аҳамиятли," дейди у.

"Ўхшатиш қилсак, бу мисоли кекс пиширишга ўхшайди. Мазали кекс учун соатлаб ҳозирлик кўрасиз, энди унинг 70 миллионини пиширишингиз керак. Уларнинг бари мукаммал чиқиши керак. Бу жуда катта синов."

Юмшоқ қилиб айтганда шундай.

Оксфорд университети вакцинанинг глобал синови натижаси ҳали маълум бўлмай туриб, уни ишлаб чиқариш учун вақтинчалик лаборатория майдони ажратишига тўғри келди.

Пировардида, инсоният Ковид-19 вакциналарининг турли хилидан миллиардлаб дозада ишлаб чиқариши керак бўлади. Улар ишлаб чиқарилиши, глобал миқёсда тарқатилиши ва одамлар эмланиши керак ҳали.

Вакцина ва иммунизация учун глобал иттифоқ (ВИГИ) давлатларни вакцинани қандай тақсимлаш ҳақида ҳозирдан бош қотиришга чақирмоқда.

Аммо халқаро ҳамкорликни вужудга келтириш осон эмас, бой давлатлар аллақачон фармацевтика компаниялари билан "сеҳрли формула" топилиши билан сотиб олиш юзасидан шартномани нақд қилиб қўйган.

Худбинликни енгиш

ВИГИ Бош ижрочи директори Сет Беркли йўлдаги энг катта тўсиқ "вакцина миллатчилиги"дир дейди.

"Менимча, барча давлатлар бу муаммо устида глобал фикрлашлари лозим, чунки бир томондан бу тўғри ёндашув бўлади, бошқа томондан бу ўзимиз учун яхши," дейди у.

"Агар қўшни давлатларда вирус кенг тарқалган бўлса, сиз на нормал савдо сотиқни бошлай оласиз, на сафар қила оласиз. Одамларнинг ҳаракати ҳам чекланиб қолади. Биз шуни англашимиз муҳим: ҳар биримиз хавфсиз бўлмагунимизча, ҳеч биримиз хотиржам бўла олмаймиз."

A trial of the Oxford vaccine in South Africa

Сурат манбаси, Getty Images

Жаноб Беркли ривожланаётган давлатлар керакли вакцинани олишини кафолатлашга уринар экан, айни пайтда бунинг бошқа бир жиҳатлари, масалан, дунёда етарлича шиша флаконлар бор йўқлиги ҳақида ҳам бош қотириши керак. Тиббий шиша воситалари ишлаб чиқаришда камчиликлар борлиги ҳақида ҳисоботлар қилинган эди.

"Бу бизни хавотирга солади, - дейди жаноб Беркли. - Шунинг учун биз ишни тезлаштириб, икки миллиард доза вакцина учун шиша флакон сотиб олдик. 2021 йил сўнгига бориб, шунча миқдорда вакцина ишлаб чиқарилишига умид қиламиз."

Шиша флаконлар бир муаммо бўлса, вакцинани сақлаш учун етарлича совутгичлар бўлиши яна бир масаладир. Вакциналар паст ҳароратда сақланиши керак ахир.

Салқин тутиш

Бирмингэм университетидан совутгичлар тармоғи логистикаси бўйича мутахассис, профессор Тоби Питерс ВИГИ каби ташкилотларга кўмак бермоқда. У ривожланаётган давлатларни етарлича совутгичлар билан таъминлаш йўллари ҳақида ўйламоқда.

"Бу шунчаки вакцина учун совутгичлар эмас, бу шунингдек, уларни ��чоқларда ташиш учун тагликлар, маҳаллий дўконларга етказиш учун машиналар ва уларни одамларга олиб бориш учун мотоцикллар ҳамдир. Буларнинг бари узилишларсиз, мукаммал ишлаши керак," дейди профессор.

Vaccine in glass vial

Сурат манбаси, Getty Images

Профессор Питерс глобал озиқ-овқат ва ичимлик компанияларини вакциналар тарқатишдек улкан лойиҳада совутгич тармоқларидан фойдаланиш йўлларини ахтаришга чақирмоқда

Вакциналар тарқатилишини нисбатан тартибли кўринишга келтириш учун давлатлар ўз аҳолиси орасида кимлар аввало эмланишини аниқлаб олишлари керак бўлади.

Қаторда ким биринчи?

Британиянинг тадқиқот ва хайрия нодавлат ташкилоти "Wellcome Trust"нинг вакцина масалалари бўйича раҳбари доктор Чарли Уеллер давлатлар айрим дангал саволларга жавоб топишлари керак бўлишини айтади.

"Кимга вакцина керак? Энг катта хавф гуруҳига кимлар киради? Кимларга бу борада устунлик берилади? Вакциналар бошида етарли миқдорда бўлмаслигини яхши тушунамиз. Шунинг учун танлашга мажбурмиз."

Ҳатто эмлаш жараёнининг ўзи ҳам осон бўлмайди.

Британия, масалан, сайлов участкаларини эмлаш марказларига айлантиришни режаламоқда. Аммо қашшоқ мамлакатлар учун бу даҳшатли мураккаб муаммодир.

Доктор Уеллер одамларни эмлашга маҳоратли тиббий ходимлари етарли бўлган кучли соғлиқни сақлаш тизими муҳим рол ўйнашини таъкидлайди.

Барча олимлар барибир вакцина топилишига ишонади. Аммо уларнинг аксарияти бу вакциналар одамларга етиб бориши учун қилинадиган ишлар кўлами катталигидан кечаси ухлай олмайди.

Коронавирус

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан б��ғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek