Дайжест. Ленин жасади кўмиладими? Пандемия қачон тугайди? Ўзбекистонликлар кўп давлатларда консулликлар ҳам кўпаяди - янгиликлар O'zbekiston Rossiya yangiliklar

Эмлаш жараёни

Сурат манбаси, Reuters

  • 2022 - Пандемиянинг сўнгги йилими?
  • АҚШ: Вакцинасиз бўлмайди!
  • Россия: Қизил Майдон қабристонми ёки сайлгоҳ?
  • Ўзбекистон: хорижда консулликлар сони ортади.

Алоқадор мавзулар:

Пандемиянинг сўнгги йилими?

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус 2022 йил коронавирус пандемиясининг сўнгги йили бўлиши мумкинлигини билдирди.

Аммо "дунё давлатлари вакциналарни тарқатишдаги адолатсизлик ва тенгсизликка барҳам беришга муваффақ бўлсагина", деди.

Янги йил мурожаатида Гебрейесус ковид Омикрон штаммининг пайдо бўлиши сабабларига тўхталди ва дунёнинг айрим бой мамлакатларида аҳолисининг катта қисми вакцинанинг биринчи дозасини ҳам олмаганлигини танқид қилди

Гебрейесуснинг таъкидлашича, пандемиянинг уч йили давомида дунёда ковидга қарши кўплаб воситалар, жумладан 8,5 миллиарддан ортиқ вакциналар ишлаб чиқилган ва бу миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам берган.

"Пандемиянинг учинчи йилига кирар эканмиз, ишончим комилки, бу йил биз уни якунлайдиган йил бўлади. Вакциналарни тақсимлашда адолатсизликка чек қўйсак, бу ишни биргаликда амалга оширсак, пандемияга барҳам беришимиз мумкин", - деди ЖССТ раҳбари.

Муқаддам ЖССТ дунёнинг барча мамлакатларида аҳолининг камида 40 фоизини эмлашни мақсад қилганди, аммо Африканинг аксарият мамлакатларида бу мақсадга эришилмаган.

Энди ташкилот пандемияга барҳам бериш учун 2022 йил июлига қадар дунё аҳолисининг 70 фоизини эмлаш зарур, деб ҳисобламоқда.

Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда 288,3 миллион ковид ҳолати қайд этилган, 5,4 миллион киши вафот этган.

Вакцина ёки ҳар хафта тест

Ковидга текшириш

Сурат манбаси, Reuters

Америка Қўшма Штатларда аксилковид чора-тадбирлари кучайтирилмоқда.

4 январдан бошлаб америкалик ишчиларнинг аксарияти коронавирусга қарши вакцина олишлари керак бўлади. Бу 100 ёки ундан ортиқ ходими бўлган хусусий бизнесда ишлайдиган ҳар бир киши, Medicare ва Medicaid дастурлари билан тиббий хизмат кўрсатувчи ходимлар ва федерал пудратчиларни ўз ичига олади.

Агар мазкур қонунга суд томонидан эътироз бўмаса, йирик корхоналардаги 84 миллион ишчи, шунингдек, 17 миллион тиббиёт ходимини қамраб олади.

Тиббий ходимлар вакцинациядан мажбурий тарзда ўтказилиши лозим.

Йирик компаниялар ходимларида танлов бор - вакцина олиш ёки ҳар ҳафта ковид тестлари топшириб, салбий натижали экани тақдим этилиши, шунингдек, ёпиқ жойларда мажбурий ниқоб кийишлари шарт бўлади.

Ленин жасади кўмиладими?

Владимир Ленин

Сурат манбаси, AFP

Россияда Қизил майдондаги қабрларни кўчириш ва Ленин жасадини кўмиш таклиф қилинди.

Россия Давлат думаси раисининг ўринбосари Борис Чернишевнинг фикрига кўра, "СССР собиқ раҳбарлари, Совет даврининг машҳур шахслари қабрларини Қизил майдондан бошқа жойга кўчириш ва Мавзолейда сақланаётган Ленин жасадини кўмиш лозим".

"Одамлар сайр қиладиган жойда қабрлар бўлиши гўрда ётганларга нисбатан ҳурматсизлик", деган ЛДПР депутати Чернишев РИА Новостига.

Ленин жасадини кўмиш ва Кремлдаги қабрларни кўчириш Россияда сиёсатчилар ва диний арбоблар томонидан аввал ҳам бир неча бор муҳокамаларга сабаб бўлган.

Россия президенти Владимир Путин Ленин жасадини мавзолейда сақланиши тарафдори ва бу мавзу жамиятда бўлинишга сабаб бўлиши мумкинлиги эҳтимолидан эҳтиёткорликка чақирган.

Ўзбекистонликлар кетаяпти, консулликлар кўпаймоқда

Ўзбекистонликлар

Ўзбекистон хорижда яна 9 та ўз консулликларини очилиши режасини маълум қилди.

Маҳаллий нашрларга кўра, бу режа 2022-2026 йилларда Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси" доирасида бўлиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони лойиҳасидан келиб чиққан.

Ҳужжатда Россия Федерациясининг Самара, Астрахань Тула, Калининград ва Нижний Новгород, Қозоғистоннинг Чимкент, Чехиянинг Прага, Канаданинг Оттава ва Корея Республиканинг Пусан шаҳарларида Ўзбекистон Республикасининг бош консулликлари очилиши қайд этилгани хабар қилинмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Бош консулликлари (Санкт-Петербург, Владивосток, Қозон, Ростов-Дон, Новосибирск ва Екатеринбург), АҚШнинг Нью-Йорк, Германиянинг Маин шаҳри ва Франкфуртдаги Бош консулликлари ходимлари сонини кўпайтириш режалаштирилган.

Россия Федерацияси, Польша ва Бирлашган Араб Амирликларидаги элчихоналари яна бир консуллик штатлари билан тўлдирилади.

Бу чора-тадбирлар дипломатик ваколатхоналар томонидан кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтириш, хориждаги ўзбекистонликларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ экани билдирилмоқда.

Пандемия ортидан жорий этилган карантин чекловлари 2021 йилда юмшатила бошлагач, ўзбекистонликларн��нг яна хорижга меҳнат муҳожирлигига кетиши ортган.

Бу борада Россия 1 млн дан зиёд ўзбекистонлик билан етакчилик қилмоқда.

Шунингдек, Қозоғистон, Туркия, Жанубий Корея ва БАА давлатлари ўзбекистонликлар энг кўп ишлашга кетадиган мамлакатлардир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek