Ўзбекистон: Газ-свет нархи ошмайди, Шерободда неандертал одам макони топилди ва карантин яна қайтадими? Янгиликлар

bbc

Карантин қайтиши хавотирларига муносабат билдирилди; Газ ва электр тарифлари 1 июлда ошмайдиган бўлди; Сурхондарёда неандертал одам макони топилди; Тонировка қисман бепул бўлди.

Яна карантин масаласи

Санепидем хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков кас��лланишлар ортиши фонида яна карантин чоралари кучайтирилишига оид юзага келган хавотирларга муносабат билдирган.

Отабеков ҳозирда мамлакатда, асосан, коронавируснинг омикрон штамми аниқланаётгани, беморларнинг 98 фоизида эса касаллик енгил кечаётгани ҳақида гапирган.

"Асл вазиятга қарайдиган бўлсак, бир кунда мамлакатимизда ўртача 100-120 та касалланиш қайд этилмоқда. Албатта, 35 миллион аҳоли орасида бу — жуда кичик кўрсаткич", деган масъул.

Шунга қарамай, Отабеков аҳолини вакцина олишга чақирган.

Бир вақтнинг ўзида ССВ кунлик касалланишлар сони ортаётгани ва шу сабабдан Тошкент шаҳрининг 12 та туманида ковид-поликлиникалар фаолияти қайта тикланаётганини хабар қилган.

svet

Газ ва свет нархи ошмайди

1 июлда электр ва газ истеъмоли учун тўлов миқдори оширилмайди.

Энергетика вазирлиги мазкур масала ҳозирда ишчи гуруҳ томонидан ўрганилаётганини маълум қилган.

Бундан аввал электр ва газ тўловларини нархини ижтимоий норма асосида ошириш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилинган эди.

Лойиҳада нархларни 1 июлдан ошириш кўзда тутилганди.

Бироқ Энергетика вазирлиги қарор лойиҳаси бўйича фуқаролардан мингдан ортиқ мурожаат келиб тушганини хабар қилган.

"Қабул қилинган таклифлар бўйича барча хулосалар ва мутахассисларнинг хулосалари тақдим этилгандан сўнг, ушбу масала бўйича якуний ва тегишли қарор қабул қилинади", дейилади вазирлик хабарида.

Сурхондарёда топилган неандертал

Turizm

Сурат манбаси, Turizm va madaniy meros vazirligi

Шеробод туманидаги Хатак ғорида яна бир неандертал одам макони аниқланган.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ғорда тош қуроллар, ёввойи ҳайвонларнинг майдаланган суяклари билан бирга милоддан аввалги 100-40 минг йилликка оид неандертал одами ҳаётининг тўлиқ ва бузилмаган манзараси сақланиб қолганлиги аниқланганини хабар қилган.

Айни ғорда 2021 йилда археологлар неандертал одам маконини топган эди.

Вазирлик ҳозирда мутахассислар томонидан қазишма ишлари давом этаётганини қўшимча қилган.

"Ҳизб ут-Таҳрир" аъзолари ушландими?

hizbut

Сурат манбаси, Samarqand IIB

Самарқандда "Ҳизб ут-Таҳрир" ташкилотига аъзоликда гумонланган тўрт нафар шахс қўлга олинган.

Вилоят ИИБ гуруҳнинг икки ташкилотчиси "Ҳизб ут-Таҳрир"нинг "Ислом низоми" номли китоби ва "Ал-Ваъй" журналидан фойдаланган ҳолда бошқаларга дарс ўтиб, мамлакатда "конституцион тузумни ағдариб ташлаб, Халифалик давлатини тиклашга тарғиб қилиб келгани"ни маълум қилган.

Шунингдек, улар ота-оналари, яқинлари ва кўплаб танишларини ўз сафларига аъзо бўлишга даъват қилиб, интернет орқали экстремистик мазмундаги аудио ва видео материалларни тарқатишган, дейилади расмий хабарда.

Самарқанд вилоят ИИБ мазкур гуруҳ айни вақт Польшада бўлган 42 яшар Қирғизистон фуқароси томонидан бошқариб келинган, дея қўшимча қилган.

Арзонлаштирилган тонировка

rasman

Сурат манбаси, Official

Ўзбекистонда автомашиналар ойналарини қорайтириш арзонлаштирилиб, қисман бепул бўлган.

Президент қарори билан 1 июлдан бошлаб енгил автомашиналар орқа ён ойналарини тонировка қилдириш учун пуллик рухсатнома олиш тартиби бекор қилинган.

Машинанинг олд ён ойналарини қорайтириш учун пуллилигича қолиб, нархи БҲМнинг саккиз баробари миқдорида - 2,4 миллион сўм этиб белгиланган.

Шунингдек, енгил автомобилларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш муддатлари бўйича ҳам енгиллик берилган.

Хусусан, ишлаб чиқарилганига 11 йилдан 14 йилгача бўлган машиналарни икки йилда бир марта, ишлаб чиқарилганига 15 йил ва ундан ортиқ бўлганларни эса бир йилда бир марта мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби белгиланмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek