Ўзбекистон: Хусусий қурилиш ширкатлари президент фармонларини ҳам писанд қилмайдиларми? Янгиликлар O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Тошкент шаҳри Янги ҳаёт тумани, 2-қурилиш, “Янги Умид” МФЙ 84-уй ҳудудида ўзбошимча қурилиш бошланган

Сурат манбаси, Rost24.uz

Сурат тагсўзи, Тошкент шаҳри Янги ҳаёт тумани, 2-қурилиш, “Янги Умид” МФЙ 84-уй ҳудудида ўзбошимча қурилиш бошланган

Ўзбекистондаги веб-нашрлар хусусий қурилиш ширкатларининг ўзбошимчаликлари ҳақида бонг урмоқдалар.

Аммо, афтидан, матбуот чиқишларига ҳуқуқий ва ўз соҳаси меъёрларидан келиб чиқиб баҳо бериши талаб қилинадиган мутасадди ташкилот ва идоралар кечикмоқдалар.

Алоқадор мавзулар:

Хусусан, қурилиш вазирлиги уч қаватли деб ҳужжатларда кўрсатилган бино якунига етиб қолганини ўрганганида, хусусий қурилиш компанияси қурилишнинг 12 қаватини ҳам қуриб бўлгани аниқланди.

Қурилиш ва уй-жой хўжалиги вазирлиги ўзининг расмий Телеграм каналида хабар қилишича, 2021 йили Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида уч қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуасини барпо этиш таклифи келиб тушган.

Бу қурилишни "Max group house" масъулияти чекланган жамияти бошлаган.

Ўша 2021 йилиёқ хусусий қурилиш ширкати эскиз лойиҳасида кўзда тутилганидан бошқа қўшимча қаватларни қуришни бошлагани маълум бўлган.

Учтепа туманида қад кўтарган кўп қаватли бино

Сурат манбаси, Telegram/Qurilish va uy-joy kommunal xo‘jaligi vaz

Сурат тагсўзи, "Max group house" уч қаватли бино қурмоқчи эканини эълон қилган

Қурилиш вазирлиги шундай хабар қилади: "Мазкур қоидабузарлик юзасидан тадбиркорга бир неча марта ёзма кўрсатма ва огоҳлантириш хатлари берилишига қарамасдан қурилиш ишларини давом эттирган тарбиркор Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддаси тегишли бандлари асосида жавобгарликка тортилган ҳам ушбу объект юзасидан суд органларига даъво аризалари киритилган".

Газета.уз сайти ёзишича, ҳозир қурилиш ишлари тўх��атилган, судга киритилган даъво аризасида юқоридаги тўққиз қаватни бузиш сўралган.

Rost24 веб-нашри эса Тошкент шаҳри, Янгиҳаёт туманидаги ўзбошимча қурилиш бошлангани ҳақида хабар берди.

"Пойтахтни яшаб бўлмайдиган даражага айлантириш давом этмоқда" деб сарлавҳаланган мақолада "Тадбиркор" мақоми Давлат дастури ва Президент эълон қилган мораторийдан ҳам устунми?, деган савол қўйилади.

Маълум бўлишича, иккита кўп қаватли уй ўртасидаги майдонда яшил ҳудуд ва болалар майдончаси барпо этилади, деган ҳужжат тайёрланган.

"Холбуки, мазкур ҳудуддаги 2 сотих майдон иккита кўп қаватли уй ўртасидаги яшил ҳудуд қилиш режалаштирилган жой бўлиб, қурилиш қилиш шаҳарсозлик қоидаларига мутлақо зид бўлган", деб ёзди Rost24.

"Давлат раҳбарининг шахсан ташаббусига кўра қабул қилинган "Яшил макон" давлат Дастури ва жорий йилнинг 16 февраль куни Президент томонидан қаттиқ танқид остига олинган Тошкент шаҳридаги режасиз қурилаётган уйлар ва нотурар жойлар тўғрисидаги гаплар Янгиҳаёт туманига тегишли эмасми?", деб ёзади Rost24.

Ўзбекистонда охирги йилларда рўй берган Сардоба фожеаси, Тошкент метросининг Юнусобод йўналиши қурилишидаги бахтсиз ҳодиса, барпо этилганига кўп вақт ўтмасдан носозликлар аниқланган Сирғали ер усти метроси, бошқа ҳодисалар техника хавфсизлиги ва талабдаги стандартларга қанчалар амал қилинаётгани муаммосини аллақачон кўрсатган, сўнгги йилларда шошма-шошарликда қад кўтараётган биноларнинг ер силкинишига нақадар чидамлилиги борасида саволлар ўртага чиққан.

Вилоятларда аллақачон қурилаётган бинолар қулаб тушгани ҳодисалари кузатилди.

Пойтахт Тошкент ва йирик шаҳарларда домлар ўртасидаги майдонлар аллақачон "мўмай даромад"ни кўзлаган хусусий қурилиш компанияларининг ноқонуний нишонларига айланди, маҳаллий яшовчиларнинг қаршиликларига қарамасдан, қуриб битказилди, яшовчиларга сотилди.

Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги эълон қилган сўнгги рейтинг мамлакатда қурилиш билан шуғулланаётган ширкатларнинг аксари сифат талабларига жавоб бермаслигини кўрсатди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002