Янгиликлар. Ўзбекистон: Сайлов ‘бўлиб ўтди’ – президент ким бўлади? O‘zbekiston Saylov Yangiliklar

Сизнинг қурилмангиз бу тасвирни очмайди

Овоз бермаган номзод қолмади. Сайловда Жиззах ва Андижон энг фаол. Тўққиз соатда 13 ярим миллионга яқин овоз. Қонун бузилганига оид маълумотлар ҳозирча йўқ. Caйлов бўлиб ўтди, деб ҳисоблашга асос борлиги айтилди. Овозларни санаш жараёни бошланди - сўнгги тафсилотлар.

Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси яна янги рақамларни эълон қилди.

Соат 17:00 ҳолатига кўра муддатидан илгари президент сайловида овоз берганларнинг сони 13 ярим миллион кишига яқинлашди.

Бу сайловчиларнинг қарийб 70 фоизи, деганидир.

Жиззах ва Андижон шу соатларга қадар ҳам сайловчилар энг фаол икки вилоятлигича қолди.

Бу икки вилоятда 70 фоиздан ортиқ сайловчи ўзининг овозини бериб бўлган.

Сайловларнинг қизғин кечаётгани айрим халқаро кузатувчилар томонидан ҳам эътироф этилган.

Ҳали маҳаллий вақт билан соат 11:00 да қайд этилган овозлар сонининг ўзиёқ "сайлов бўлиб ўтди", деган хулосага келиш учун етарли бўлгани айтилди.

Сайлов шохобчалари маҳаллий вақт билан кечки соат 20:00 да ёпилди.

Шу соатларда Америка Қўшма Штатларида ҳам муддатидан илгари президент сайловида овоз бериш бошланди.

Infografika

Сурат манбаси, Rasmiy

Соат 15:00 ҳолатига кўра, сайловчиларнинг 60 фоиздан ортиқроғи муддатидан илгари президент сайловида овоз бериб бўлган.

Бу 11 705 357 нафар сайловчи, деганидир.

Сайловчиларнинг умумий сони эса, 19 миллиондан зиёдроқни ташкил қилади.

Сайлов шохобчалари маҳаллий вақт билан кечки соат 20:00 га қадар очиқ бўлади.

Расмий маълумотларда сайловчиларнинг фаоллиги бўйича Андижон вилоятининг илғорлик қилаётгани кўрилади.

Сўнгги рақамларга таянилса, бу ерда қарийб 70 фоизча одам президент сайловида ўзининг овозини бериб бўлган:

Infografika

Сурат манбаси, Rasmiy

Infografika

Сурат манбаси, Rasmiy

Беш соатда 10 миллиондан зиёд одам овоз бериб бўлди. Бу жами 19.270.212 сайловчининг ярмидан кўпи деганидир. Янги рақамлар соат 13:00 гача бўлган ҳолатни акс эттиради:

Infografika

Сурат манбаси, .

Овоз беришда ҳамон Жиззах ва Андижон етакчилик қилаётир.

Судья, президент, муҳандис, иқтисодчи ва олим - ким Ўзбекистон президенти бўлмоқчи?

Алоқадор мавзулар:

Янги сайлов ва янги юзлар

Ўзбекистон бугун, 9 июль куни муддатидан илгари президент сайловида овоз бермоқда.

Бутун мамлакат бўйлаб сайлов шохобчаларининг маҳаллий вақт билан эрталабки соат 08:00 да очилиши расман эълон қилинган.

Сайловда овоз бериш соат 08:00дан 20:00 гача ўтказилади.

Сайлов шохобчалари очилганига тўрт соатдан ошди.

Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси шу соатларда эълон қилган расмий маълумотларга кўра, уч соатда олти миллиондан зиёд сайловчи аллақачон ўзининг овозини бериб бўлган.

"Қонун бузилиши ҳолатлари ҳақида маълумотлар келмаган".

Овоз беришларда Андижон ва Жиззах вилоятларининг фаоллик қилишаётгани кўрилади.

Infografika

Сурат манбаси, Rasmiy

Шу соатларда президентликка номзод амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам ўзининг овозини берди.

Мирзиёевнинг овоз бериши билан ҳар тўрт номзоднинг ҳам муддатидан илгари президент сайловидаги иштироки якунланди.

Shavkat Mirziyioyev

Сурат манбаси, Saidamirziyoyeva

Мамлакатнинг айрим ҳудудларидан овоз бериш учун одамларнинг навбатга тизилиб кетганига оид тасвирлар ҳам олинмоқда.

Бу суратлар эса, пойтахт Тошкентда олинган:

Toshkentda ovoz berish

Сурат манбаси, BBC/COM/UZBEK

Toshkentda ovoz berish

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Toshkentda ovoz berish

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

"Адолат" социал-демократик партияси вакиласи Робахон Махмудова ва Ўзбекистон Экологик партиясидан президентликка номзод Абдушукур Хамзаев тўрт номзод орасидан биринчилардан бўлиб овоз беришган.

Robaxon Maxmudova

Сурат манбаси, RASMIY

Abdushukur Xamzayev

Сурат манбаси, RASMIY

Икковлоннинг ортидан, Ўзбекистон президентлигига учинчи номзод - Халқ демократик партияси вакили Улуғбек Иноятовнинг ҳам пойтахт Тошкентда овоз берганига оид хабарлар олинган.

Ulug'bek Inoyatov

Сурат манбаси, official

Худди шу манзарада Ўзбекистон президентлигига муддатидан илгари сайловларнинг пойтахт Москвада қанчалик қизғинлик билан кечаётгани маҳаллий нашрларнинг эътиборига тушди.

Moskvada ovoz berish

Сурат манбаси, .

Сурат тагсўзи, Москвада овоз бериш. Тасвирлар шу соатларда олинган ва аллақачон диққат-эътиборга тушган. Россия дунёнинг энг кўп сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда бўлади. Уларнинг сони миллионларга нисбат бериб келинган. Айнан меҳнат миграцияси, мигрантларнинг ҳар томонлама ҳимояси Ўзбекистон президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида хос эътибор қаратган энг муҳим мавзулардан бири бўлади

Мамлакат мустақиллиги тарихида иккинчи бор президент сайлови муддатидан илгари бўлиб ўтаётир.

Сайловни муддатидан илгари чақиришга Ўзбекистоннинг амалдаги президенти қарор қилган.

Шавкат Мирзиёев ўз қарори сабабини "объектив зарурат" билан изоҳлаган, у бунга қатор ички ва ташқи омилларни мисол қилиб келтирган.

Ўзбекистон президенти "бугунги мавжуд шароитда бу энг тўғри ва адолатли қарор бўлиши"ни айтган.

Бу каби ваколатни эса, Шавкат Мирзиёевга шу бу йил янгиланган Конституция берган.

Шавкат Мирзиёев қолган уч ярим йиллик президентлик муддатидан ўз ташаббуси билан воз кечган.

Янгиланган Конституция ва бу қарори унинг яна бир бор президентлик учун беллашишига йўл очган.

Шавкат Мирзиёев президентлик учун курашажак тўртта номзоддан бири сифатида ўртага чиққан.

Президентликка номзодларни Ўзбекистонда расман фаолиятда бўлган тўртта сиёсий партия илгари сурган.

Даъвогарлар орасида мустақил ёки ўзини амалдаги ҳукуматга мухолиф деб эълон қилган партия номзоди йўқ.

Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, президентликка номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эга.

Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига фақат ўз партияси аъзолари орасидан ёки партиясиз��и номзод этиб кўрсатишга ҳам ваколатли.

Мавжуд қонунчиликда эса, уларнинг сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида 4 ой олдин Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган бўлиши кўзда тутилган.

Ва бир сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига фақат битта номзод кўрсата олади.

Ўзбекистонда бугунги кунда жами бешта сиёсий партия мавжуд.

Шавкат Мирзиёев президент сайлови арафасида янгиланган давлат ҳокимияти тизимида фақат халққина ўзи ишонган раҳбарга мандат бериши мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлаган.

Сайловлар "қонунга тўла мувофиқ ҳолда, очиқ ва ошкора тарзда ўтказилиши"ни баён қилган.

Булар Ўзбекистонда сайловлар ўтказишнинг асосий тамойиллари саналади.

Амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевдан ташқари қолган уч номзод Ўзбекистон президентлиги учун илк бор беллашмоқда.

Бу гал ҳам президентликка номзодлар орасидан айнан у фаворит ўлароқ кўрилаётир.

Бу Шавкат Мирзиёевнинг кетма-кет учинчи бор Ўзбекистон президентлигига даъвогарлик қилиши бўлади.

Муддатидан илгари чақирилаётган президент сайловида Шавкат Мирзиёевга чорлов билан чиққан номзодлар ким?

Робахон Махмудова

Сурат манбаси, Rasmiy

Робахон Анваровна Махмудова. Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси номзоди:

1958 йил 9 ноябрда Фарғона вилоятининг Фарғона туманида зиёлилар оиласида туғилган. Миллати - ўзбек. Олий маълумотли, 1983 йилда Тошкент давлат университетининг "Ҳуқуқшунослик" факультетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1976 йилдан Фарғона вилоят судининг котиби вазифасида бошлаб, 1979-1983 йилларда Фарғона шаҳар 1-сонли Давлат нотариал идорасининг нотариуси, 1983-1987 йилларда Фарғона вилоят Адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, 1987-1990 йилларда Фарғона вилоят партия қўмитасининг йўриқчиси, 1990-1999 йилларда Фарғона вилоят Адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, 1999-2001 йилларда Фарғона вилоят судининг судьяси, 2001-2004 йилларда Фарғона шаҳар судининг раиси, 2004-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси, 2008-2013 йилларда Фарғона вилоят судининг раиси, 2013-2017 йилларда Фарғона юридик коллежининг ўқитувчиси вазифаларида ишлаган.

2017-2020 йилларда Фарғона вилояти Халқ қабулхонаси мудири, 2020 йил январь ойидан Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси лавозимларида фаолият олиб борган.

2020 йил 13 июлдан ҳозирга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари - Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Робахон Анваровна Махмудова фаолияти давомида Ўзбекистонда одил судловни амалга ошириш, суд тизимини ислоҳ этиш, судлар мустақиллигини таъминлашга оид ислоҳотлар ташаббускори ва ижрочиси ҳисобланади. Шунингдек, жиноий жазоларни енгиллаштириш, жазо тайинлашда адолатни таъминлашга оид бир қатор Олий суд Пленуми қарорлари муаллифи.

Шунингдек, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бу борада қонунчиликни такомиллаштириш, маъмурий судларни ривожлантириш ва суд корпусини малакали мутахассислар билан тўлдириш бўйича салмоқли ишларни амалга оширган.

Робияхон Анваровна Махмудованинг бугунги кунгача 140 дан ортиқ илмий ва оммабоп мақолалари чоп этилган. Шунингдек, у судьялар учун 10 га яқин услубий қўлланмалар муаллифи ҳисобланади.

2020 йилда "Фидокорона хизматлари учун" ордени билан тақдирланган. Биринчи малака даражали судья, жиноят ва маъмурий ҳуқуқ бўйича тажрибали мутахассисдир.

Робахон Анваровна Махмудова оилали, икки нафар фарзанди бор.

Улуғбек Иноятов

Сурат манбаси, Rasmiy

Улуғбек Илёсович Иноятов. Ўзбекистон Халқ демократик партияси номзоди:

Иноятов Улуғбек Илясович 1962 йил 6 августда Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида туғилган. Миллати - ўзбек. Олий маълумотли, 1985 йили Тошкент политехника институтини, 1998 йили Тошкент молия институтини тамомлаган. Муҳандис-иқтисодчи, педагогика фанлари доктори, профессор. 2006 йилда "Шуҳрат" медали билан тақдирланган.

Меҳнат фаолиятини 1985 йил Тошкент политехника институтида ўқитувчи лавозимидан бошлаган. 1993-1999 йилларда Тошкент архитектура қурилиш институтида декан ўринбосари, декан лавозимларида ишлаган.

1999-2011 йиллар давомида Тошкент молия ва иқтисодиёт коллежи директори лавозимида ишлаган.

2011 йилдан Тошкент давлат педагогика университети ректори, 2013 йилдан халқ таълими вазири, 2018 йилдан эса, Наманган давлат университети ректори сифатида фаолият юритган.

Улуғбек Илясович Иноятов 2019 йилдан Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ҳамда 2020 йилдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.

Улуғбек Илясович Иноятов ўзининг депутатлик фаолияти даврида давлат ва жамият бошқаруви, ички ва ташқи сиёсат, суд-ҳуқуқ ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишларида таклифлари билан мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Улуғбек Илясович Иноятов 100 дан ортиқ илмий ишларнинг муаллифи ҳисобланади. Бундан ташқари, унинг таклифи асосида таълим сифатини ошириш, ёшларни юқори технологиялар бўйича касбга тайёрлаш соҳасида Германия, Россия каби давлатларнинг илғор тажрибасини мамлакатимизда қўллашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Улуғбек Илясович Иноятов оилали, икки нафар фарзанди бор.

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, Rasmiy

Шавкат Миромонович Мирзиёев. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси номзоди:

Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати - ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.

Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади.

1990 йилда Ўзбекистон Олий кенгаши депутати сифатида сайланган. Айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатган. 1994 йили мамлакатнинг янги парламенти (Олий Мажлис) депутати бўлган. 1999 йилда иккинчи чақириқ Олий Мажлисига Жиззах вилоятидан депутат бўлган.

1992 йили Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ҳокими, 1996-1999 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йилларда Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаган.

2003 йил 11 декабрида мамлакат парламенти томонидан президент Ислом Каримов таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раҳбарлигига тасдиқланган.

2004 йили Ўзбекистонда ташкил этилган ЎзЛиДеП партияси сиёсий кенгаши таркибига кириб, 2005 йил 28 январь ва 2010 йил 27 январд�� партиядан ҳукумат раҳбарлигига тавсия этилган ва тасдиқланган.

2015 йил 23 январида яна бир марта Олий Мажлис томонидан ҳукумат раиси лавозимига тасдиқланган.

Ўзбекистон тарихида биринчи марта, унинг номзоди давлат раҳбари эмас, парламент сайловида ғалаба қозонган сиёсий ҳаракат - ЎзЛиДеП партияси томонидан илгари сурилган.

Шавкат Мирзиёев 2005 йилдан ҳукумат раҳбарлиги билан бирга республиканинг барча агросаноат мажмуасини ҳам назорат қилади.

2016 йил 8 сентябридан Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимини вақтинча бажарувчи.

2016 йил 4 декабр куни бўлиб ўтган Президент сайлови якунлари бўйича сайловчиларнинг 88,61 фоиз овози билан Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. 2016 йил 14 декабрда расман ўз вазифасини бажаришга киришди.

2021 йил 24 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев сайловчиларнинг 80,1 фоиз овози билан иккинчи беш йиллик муддатга қайта сайланди.

Шавкат Миромонович Мирзиёев оилали, икки қиз, бир ўғли, олти нафар набираси бор. Рафиқаси Зироатхон Мирзиёева - мутахассислиги бўйича муҳандис-иқтисодчи.

Шавкат Миромонович Мирзиёев "Меҳнат шуҳрати" ва "Фидокорона хизматлари учун" орденлари билан тақдирланган.

Абдушукур Хамзаев

Сурат манбаси, Rasmiy

Абдушукур Худойқулович Хамзаев. Ўзбекистон Экологик партиясидан президентликка номзод:

Абдушукур Худойкулович Хамзаев 1973 йил 10 декабрда Сурхондарё вилоятининг Узун туманида зиёли оиласида туғилган. Миллати - ўзбек. Олий маълумотли, 1995 йили Самарқанд қишлоқ хўжалик институтини, 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академиясини тамомлаган. Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор.

Меҳнат фаолиятини Узун туманидаги "Намуна" жамоа хўжалигида бўлим агрономлигидан бошлаган. 1996-1999 йилларда Самарқанд қишлоқ хўжалик институти аспирантурасини муваффақиятли тамомлаган.

1999-2017 йиллар давомида Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида ассистент, катта ўқитувчи, ўқув ишлар бўйича декан муовини, маънавият ва маърифат масалалари бўйича проректор лавозимларида ишлаган.

2017-2022 йилларда Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти директори сифатида фаолият юритган.

2022 йилдан Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг раиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Абдушукур Худойкулович Хамзаевнинг бугунги кунгача 280 дан ортиқ илмий ишлари чоп этилган. Шунингдек, у 20 га яқин қишлоқ хўжалик экин навлари ва 16 та ихтиро муаллифи ҳисобланади.

Абдушукур Худойкулович Хамзаев қишлоқ, ўрмон ва экология соҳасида халқаро тажрибаларга эга бўлиб, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Исроил, Туркия, Германия, Болгария, Россия каби давлатларда малака оширган. Унинг ташаббуси билан бугунги кунда соҳага оид 10 дан зиёд хорижий ўқув ва илмий ташкилотлар билан ҳамкорликлар йўлга қўйилган.

Абдушукур Худойкулович Хамзаев қонун ижодкорлиги жараёнида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, "Уруғчилик тўғрисида"ги, "Ўрмон тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикасининг яйловлар тўғрисида"ги Қонунларини тайёрлашда бевосита иштирок этган.

Шу билан бирга, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида Эксперт кенгаши раиси сифатида 20 га яқин қонуности ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлашда қатнашган.

Оилали, уч нафар фарзанди бор.

Infografika

Сурат манбаси, Rasmiy

Қисқача маълумот ўрнида: Президентликка номзодлар ўзларининг сайловолди ташвиқотларини расман 7 июнь куни бошлашган.

Номзодлар сайлов кампаниясининг умумий ҳисобда бир ой - 7 июлга қадар давом этиши айтилган.

Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси эълон қилган маълумотларга таянилса, сайловчиларнинг умумий сони 19 414 914 кишини ташкил қилган.

Mуддатидан илгари президент сайлови учун бутун мамлакат бўйлаб 10784 та сайлов участкаси тузилган.

Участка сайлов комиссиялари аъзоларининг умумий сони 108399 нафар экани айтилган.

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта (расман 36 миллиондан ортиқ) давлати бўлади.

Марказий Осиёдан четда меҳнат муҳожирлигида банд инсонларнинг кўпчилиги ҳам ўзбекистонликлар ҳисобига тўғри келади.

Infografika

Сурат манбаси, ...

Расмий хабарларга кўра, уларнинг овоз беришлари учун Ўзбекистоннинг 39 та хорижий давлатдаги дипломатик ваколатхонасида олтмишга яқин сайлов участкаси ташкил қилинган.

Ўзбекистон президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш эса, 28 июнда бошланган ва 5 июлга қадар давом этган.

Марказий сайлов комиссиясининг маълумотга кўра, муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан 815 минг 313 нафар сайловчи фойдаланди. Жумладан, 180 минг 729 нафари хорижда, 634 минг 584 нафари республика ичида иштирок этди.

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги 34 минг нафардан ортиқ шахс ҳам сайловда овоз бериши мумкинлиги айтилмоқда.

Сайлов бюллетени

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги муддатидан илгари президент сайловини жами 54 мингдан зиёд кузатувчи кузатиб боради.

Улардан 800 га яқини дунёнинг 47 давлати ва ўндан ортиқ халқаро ташкилотини намоён этувчи хорижий кузатувчилар экани айтилади.

Уларнинг орасида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси ҳам бор.

Бюро 9 июнь куни пойтахт Тошкентда Ўзбекистон президенти сайловини кузатиш бўйича ўз миссиясини очгани хабар берилган.

Маълум бўлишича, миссия пойтахт Тошкентда жойлашган 11 нафар асосий гуруҳ аъзоси ва 24 нафар узоқ муддатли кузатувчидан иборат.

Хабарларга кўра, бюронинг узоқ муддатли кузатувчилари 14 июнь куни бутун мамлакат бўйлаб жойлаштирилган.

Президент сайловини кузатиш учун эса, уларнинг Ўзбекистонга 250 нафар қисқа муддатли кузатувчисини юбориши кутилмоқда.

Ташкилот май ойида сайловга тайёргарликни ўрганиш учун ҳам Ўзбекистонга ўзининг миссиясини жўнатгани маълум.

Халқаро тажриба мисолида бир сайловда айнан Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг иштироки ҳамда кузатуви муҳим аҳамият касб этади.

Бюро сайловларнинг мазкур ташкилот мажбуриятлари ва демократик сайловлар учун бошқа халқаро мажбуриятлар ва стандартлар, шунингдек, миллий қонунчиликка мувофиқлигини баҳолайди.

Ўзбекистондаги муддатидан илгари ўтказилаётган президент сайловини ёритиш учун жами мингдан зиёд маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг аккредитациядан ўтказилгани айтилган.

ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси оралиқ ҳисоботида Ўзбекистондаги сайловолди кампанияси "суст" ўтаётганини қайд этганини эса, орада маҳаллий нашрларнинг ўзлари ҳам хабар беришган.

Расмий хабарларга кўра, Тошкент шаҳри ҳудудидаги 50 та сайлов участкасида тажриба-синов тариқасида сайловчиларни биометрик-идентификация қилиш қурилмаларидан фойдаланган ҳолда овоз бериш жараёнлари ташкил этилади.

Маълум бўлишича, бу каби қурилма Ўзбекистонда илк бор Конституция бўйича референдумда қўлланилган.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига кўра, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 50 фоиздан ортиғининг овозини олган номзод Президент этиб сайланган, деб ҳисобланади.

Бу ғолиб номзодга етти йилдан икки марта президент этиб сайланиш ҳуқуқини беради.

Шавкат Мирзиёев янгиланган давлат ҳокимияти тизимида фақат халққина ўзи ишонган раҳбарга мандат бериши мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Saylov banneri

Сурат манбаси, .