Ўзбекистон: Бойлар ва қашшоқлар ўртасида жарлик жуда кенгаймоқдами?

Бир қоп пиёзни тозалаб, сотишга тайёрлаш учун минг сўм ҳақ берилади

Сурат манбаси, Dima Qayum

Сурат тагсўзи, Бир қоп пиёзни тозалаб, сотишга тайёрлаш учун минг сўм ҳақ берилади

Жаҳон Банки Ўзбекистонда бойлар ва қашшоқлар ўртасида фарқнинг ошиб бораётганидан хавотир билдирди. Ўтган йил ҳисоб-китобларига кўра, бойларнинг даромади камбағалларникига қараганда 5 баробар тезроқ ортган.

Жаҳон банки "Ўзбекистон қашшоқликка барҳам бериш йўлида: халқаро таққослаш натижалари" деб номланган ҳисоботини чоп қилди. Таҳлилга кўра, мамлакатда қашшоқлик даражаси сезиларли қисқараётган бўлса-да, аҳоли орасида иқтисодий тенгсизлик кучайиб бораётгани хавотирли.

Қашшоқлик даражаси кескин қисқарган

Жаҳон Банки томонидан 2024 йили март ойида эълон қилинган қашшоқликнинг глобал кўрсатгичлари илк марта Ўзбекистон бўйича янги маълумотларни тақдим қилган.

Ушб�� кўрсатгич қашшоқликнинг қисқариш тарихига минтақавий ва глобал миқёсда қараш имконини беради.

Жаҳон банки мақоласида айтилишича, ўртача даромаддан паст иқтисодга эга Ўзбекистон 2022 йилда қашшоқликни 5 фоизга мувафаққиятли тарзда қисқартирган.

Умуман олганда Ўзбекистонда 2015-2022 йилларда қашшоқлик даражаси 2 баробарга қисқариб, Европа ва Марказий Осиё давлатлари ичида энг яхши кўрсаткичлардан бирини қайд этган.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2021 ва 2023 йиллар оралиғида Ўзбекистонда 1,6 млн киши қашшоқликдан чиққан.

Ҳисоботда айтилишича, уй хўжаликлари даромадининг ошиши камбағалликни камайтиришга ёрдам берган.

iqtibos

"Уй хўжаликлари даромадларининг ўсиши қашшоқликни камайтиришнинг асосий омили бўлди. Маошларнинг ортиши қашшоқлинки қисқартириш бўйича эришилган ютуқларнинг 60 фоизини ташкил этди. Кейинги энг муҳим омил ижтимоий тўловлардир, чунки ҳукумат аҳолининг айрим гуруҳларини қўллаб-қувватлаш бўйича асосий дастурларни модернизация қилди ва кенгайтирди. Шу билан бирга, пенсия таъминотининг яхшиланиши ҳам ижобий таъсир кўрсатди", дейилади.

Тенгсизликнинг ортиши хавотирлар пайдо қилмоқда

Жаҳон Банкига кўра, яхши янгиликлар манзарасида хавотирга сабаб бўлувчи ҳолатлар ҳам бор.

Ҳисоботда таъкидланишича, паралелл равишда тенгсизликни ��сиши содир бўлмаганида қашшоқликни қисқартириш кўлами янада сезиларли бўлиши мумкин эди.

Даромадларнинг ўсишидан аҳолининг бой қатлами кўпроқ манфаат кўрган.

"Масалан, 2022−2023 йилларда аҳолининг энг камбағал 10 фоизининг даромадлари 6 фоизга ошди. Бироқ аҳолининг энг бадавлат 10 фоизининг даромадлари 30 фоиздан кўпроқ ўсди".

Бойларнинг даромади камбағалларга қараганда 5 баробар кўпроқ ўсган.

Жаҳон Банкининг ҳисоботида таъкидланишича, Ўзбекистонда қашшоқликни қисқартиришнинг юқори суръатларини сақлаб қолиш учун ҳукуматдан камбағал уй хўжаликлари маҳсулдорлигини ошириш бўйича қўшимча куч талаб этилади. Маълумотлар камбағал уй хўжаликлари бир қатор ноқулай шароитлардан азият чекаётганини кўрсатган.

"Улар иш билан кам таъминланган, кўпинча ўта паст даражада таълим олишади ва қарамоғидагилар сони кўп бўлади. Уй хўжаликлари ўртасидаги бу кўрсаткичлардаги тафовутларни камайтириш Ўзбекистонда ўсиб бораётган тенгсизликни чеклаш ва қашшоқликни янада қисқартиришга қаратилган саъй-ҳаракатларда муҳим аҳамиятга эга бўлади", дейилади Жаҳон Банки ҳисоботида.

Олдинроқ Ўзбекистонда камбағалликнинг янги ўлчови сифатида минимал истеъмол харажатлари жорий қилинган.

Унинг миқдори илк жорий қилинган 2021 йилда 440 минг сўмни ташкил этган. Йиллар давомида ушбу рақам ортиб бориши натижасида жорий йилнинг 1 майидан электр энергияси ва газ тарифларининг қимматлашаётгани фонида 648 минг сўмга етказилди.

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002