Украина уруши: Сиз бу хабарларга ишонган эдингизми? Янгиликлар

  • Шаян Сардаризаде
  • BBC Verify
бино

Сурат манбаси, Reuters

Россиянинг Украинага босқини бошланганига 500 кундан ошди, аммо мамлакатдаги уруш ҳақида ижтимоий тармоқларда адаштирувчи ва сохта хабарлар тарқалишда давом этмоқда.

Бу каби хабарларнинг айримлари "Twitter"да ўз контенти кенгроқ тарқалиши учун тўлов қилган кўк галочкаси бор фойдаланувчилар томонидан қўйилган.

Украина учун мўлжалланган қуроллар Франциядаги тартибсизликларда қўлланмаган

Франциядаги охирги ижтимоий тартибсизликлар ҳақида кўплаб чалғитувчи постлар тарқатилди, аммо ана шундай постлардан бири АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдамига эътибор қаратган.

Ушбу постда бир янгиликлар сайтидан олинган хабар сарлавҳаси скриншоти иккита қурол сурати билан ёнма ён қўйилган.

"Украинадан келган Америка қуроллари билан француз полициясига қарата ўт очилган бўлиши мумкин" дейилади сарлавҳада.

скриншот

Сурат манбаси, Twitter

Кўк галочкаси бўлган бир қанча фойдаланувчилар ушбу постни улашган ва миллиондан ортиқ марта кўрилган.

"BBC Verify" ушбу постнинг келиб чиқишини ўрганганда Telegram'даги кремлпараст каналлардан бирига бориб тақалишини аниқлади. Постда фойдаланилган сурат Москва яқинида 2012 йили ўтказилган отиш бўйича мусобақада олинган ва Россия ҳарбий блогида эълон қилинган экан.

Шунингдек, юқоридаги расмда тасвирланган онлайн мақола сарлавҳасини ҳам топа олмадик. АҚШ томонидан Украинага етказиб берилган қуроллардан Франциядаги тартибсизликларда фойдаланилгани ҳақида ҳам далиллар йўқ.

Украинада "чақалоқлар фабрикаси" борлигини тасдиқловчи далил йўқ

Кўк галочкаси бўлган бир қанча Twitter аккаунтлар Россия Украинада "чақалоқлар фабрикалари"ни топгани ҳақидаги даъвони тарқатди.

Икки-етти ёш оралиғидаги болалар "болалар фоҳишахоналари"га юбориш учун ёки уларнинг органлари олиниб, Ғарбда сотиш учун юборилиши ҳақида хабарлар тарқатилди.

скриншот

Сурат манбаси, Twitter

"BBC Verify" ушбу даъвонинг бошланғич манбаси факт текширувчи ташкилотлар томонидан интернетда ёлғон тарқатувчи энг катта сайтлардан бири "The People's Voice" ("YourNewsWire"нинг иккинчи номи) да н��шр этилган мақола эканини аниқлади.

Бу сайт илгари ҳам кўплаб сохта хабарлар, жумладан, вакцинага қарши фитна назарияларини ва 2017 йилги Лас Вегас отишмаси ҳақида ёлғон хабарлар тарқатган.

Россия ҳукумати ва Кремл назоратидаги ОАВ Украинада ноқонуний инсон органлари савдоси ҳақида асосланмаган хабарлар тарқатиб келади.

Краматорскка тушган ракета Украинаники эмас

Июнь ойи охирида Украина шарқидаги Краматорск марказида Россия ракета ҳужуми оқибатида саккиз киши ҳалок бўлган эди.

Ҳужумдан сўнг ўзини қонуний янгиликлар манбаси сифатида кўрсатувчи, кўк галочкали Twitter фойдаланувчи тарқатган хабарда зарба Украина кучлари хатоси туфайли бўлгани ва НАТО қўшинлари ҳамда хорижий ёлланма аскарлар жойлашган казармага келиб тушгани даъво қилинган.

скриншот

Сурат манбаси, Twitter

"Storm Shadow ракетаси бирдан йўналишини кескин ўзгартириб, Краматорскка тушди ва хорижлик ва ёлланма аскарлар жойлаштирилган Украина ҳарбий казармаларини вайрон қилди", дейилади хабарда.

Хабар миллион мартадан ортиқ кўрилган.

Украина кучлари томонидан отилган ракета сабаб бўлганлиги ёки ҳарбий казармага урилгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ.

Зеленский сайловларни бекор қилмади

Яқинда Twitter'да Украина президенти Володимир Зеленский Украинадаги сайловларни "бекор қилгани" ҳақида хабарлар тарқалди.

Далил сифатида фойдаланувчилар Зеленскийнинг июнь ойи охирида Би би сига берган интервьюсида айтган сўзларини келтиришди.

Келгуси йил Украинада сайловлар бўладими, деган саволга Зеленский шундай жавоб берганди: "Агар биз [урушда] ғалаба қозонсак, бўлади. Бу шуни англатадики, ҳарбий ҳолат бўлмайди, уруш бўлмайди. Қонунга кўра, сайлов тинчлик даврида, уруш бўлмаган вақтда ўтказилиши керак".

Баёнотни шарҳлар экан, АҚШнинг Украинага кўрсатаётган ёрдамини ��анқид қилган собиқ Fox News бошловчиси Такер Карлсон ўзининг Twitter'даги яқинда очган шоусида жаноб Зеленскийнинг гаплари у Украинада демократияга барҳам берганини тасдиқлашини айтди.

Худди шундай мавзудаги твитларни Twitter кўк аккаунтлари юз минглаб марта баҳам кўрган.

скриншот

Сурат манбаси, Twitter

Украина конституцияси ҳарбий ҳолат даврида парламентни тарқатиш ва умуммиллий сайловлар ўтказишни тақиқлайди, яъни амалдаги президент ва парламент ҳарбий ҳолат тугагунга қадар ҳокимиятда қолади.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов яқинда Украина конституциясига кўра, мамлакатда ҳарбий ҳолат ҳукм сураётган вақтда "сайлов ўтказилмаслиги"ни тасдиқлади.

Ушбу мақолада ҳавола қилинган ёлғон ва чалғитувчи Twitter кўк аккаунтлари хабарлари юзасидан BBC Verify сўровини Twitter матбуот хизмати қабул қилганини тасдиқлади, аммо изоҳ беришдан бош тортди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002

News Daily banner
line
BBC Verify logo
BBC Verify logo