Европа бўйлаб уруш ёйилиш эҳтимоли ҳақида Британия генерали ўз тахминларини айтди - Янгиликлар Dunyo Yangiliklar

  • Жонатан Бил
  • Мудофаа масалалари бўйича мухбир
Аскар

Сурат манбаси, MOD

Европада кенг кўламли уруш ва ялпи сафарбарликка зарурат ёки "фуқаро армияси" ҳақида гапириш одамда хавотир уйғотади. Аммо Британия армияси генерали Сэр Патрик Сандерс Европа тупроғидаги катта урушга миллатни тайёрлашга чақирган ягона одам эмас.

Ўтган ҳафта НАТОнинг юқори мартабали ҳарбий амалдори ҳам давлатлар сергак бўлиши "кутилмаганни кутишга" ҳозир туриши кераклигини айтди. Ташкилотнинг ҳарбий қўмитаси раҳбари адмирал Роб Бауэрнинг айтишича, жамоатчилик ўз зеҳниятини "ҳар нарса бўлиши мумкин" даврга мослаштириши керак.

Алоқадор мавзулар:

Буюк Британия Мудофаа вазири ҳам урушга тайёр бўлишимиз кераклигини айтди. Грант Шаппс ўзининг биринчи мудофаа нутқида мамлакат "урушдан кейинги дунёдан урушгача бўлган дунёга" ўтаётганини эълон қилди.

У кўплаб таҳдидларни таъкидлади, аммо бу огоҳлантиришлар орасида битта умумий мавзу бор эди - Россия.

Генерал Сэр Патрик Сандерсдан иқтибос

Сурат манбаси, .

Германия мудофаа вазири Борис Писторус яқинда немис газетасига берган интервьюсида: "Биз Владимир Путин бир кун келиб ҳатто НАТО давлатига ҳам ҳужум қилиши мумкинлигини ҳисобга олишимиз керак", деди. Унинг таъкидлашича, бундай ҳужум ҳозирда даргумон, "мутахассисларимиз буни беш-саккиз йил ичида амалга ошиши мумкин демоқда".

Россиянинг Украинага бостириб кириши Ғарб ҳарбийлари эътиборини банд қилган.

Генерал Сэр Патрик Сандерс ўзининг нутқида бир неча бор айтганидек, "Украина ҳақиқатда муҳим". Унга кўра, Россиянинг мақсади нафақат ҳудудни эгаллаш, балки "бизнинг тизимимиз ва турмуш тарзимизни сиёсий, психологик ва рамзий жиҳатдан йўқ қилиш"дир.

Бошқа давлатлар қандай тайёргарлик кўрмоқда?

Аскарлар

Сурат манбаси, PA Media

Британия армиясининг юқори бўғинларида сиёсатчилар ва жамоатчилик хавфни сезмаяпти деган туйғу бор. Бу хавфни таҳлил қилиш ҳарбийлар иши, аммо улар ҳам хато қилишлари мумкин. Аммо Россия чегараларига яқинроқ бўлган Европа давлатлари буни яна жиддийроқ қабул қилаётган кўринади.

Генерал Сандерс Швецияни алоҳида тилга олди. Шу ой бошида Швеция фуқаролик мудофааси вазири мудофаа конференциясида "Швецияда уруш бўлиши мумкинлигини" айтди. Карл-Оскар Болин жамоатчиликдан шундай сўради: "Ихтиёрий мудофаа ташкилотига қўшилиш учун вақт ажратишни ўйлаб кўрдингизми? Агар йўқ бўлса, вақт ажратинг!" Унинг сўзларини мамлакатнинг олий ҳарбий қўмондони ҳам такрорлаб, Швеция руҳан бунга тайёрланиши кераклигини айтди.

Мамлакатдаги баъзилар бу сўзларни ваҳима қўзғаш деб танқид қилишди. Аммо бошқалар бунга жавобан "урушга тайёргарлик кўрмоқда", яъни озиқ-овқат ва ёқилғи тўпламоқда.

Бир қатор Европа давлатлари ҳам тинч аҳоли ва ҳарбий хизматчилар иштирокидаги машғулотларда фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўрмоқда. Бу кўпинча ялпи мудофаа деб аталади.

Муддатли хизматдан бош тортганлик учун қамоқ

Бир қатор шимолий мамлакатларда, шу жумладан, Швецияда аллақачон қуролли кучларга чақирув шакли мавжуд.

Лойиҳага кўра, йигит ва қизлар чекланган муддатда ҳарбий хизматни ўташи керак. Бу шуни англатадики, аҳолининг бир қисми ҳарбий тайёргарликдан ўтади, сўнгра уруш бошланган тақдирда захира бўлинмаларига юборилиши мумкин.

Швеция ва Норвегияда ҳарбий хизматга чақириш қисман бор - ҳамма ҳам чақирилмайди. Бу кўпинча нисбатан кичик бўлган профессионал ҳарбийлар миқдорини оширади.

НАТОнинг янги аъзоси ва Россия билан 1300 км чегарадош бўлган Финляндия ҳарбий хизматни кенгайтирди. Эркакларнинг қарийб 80%и ҳарбий хизматни ўтайди. Рад этганлар қамалиши мумкин, айни пайтда муқобил хизмат ҳам бор.

Финляндия Европадаги энг йирик армиялардан бирини тўплаши мумкин. Унинг фаол қуролли кучлари бор-йўғи 19 000 кишини ташкил этади, аммо у яна 238 000 захирани жалб қилиши мумкин.

Британиянинг фуқаро армиясига сафарбарлик режаси қанчалик реалистик?

Британияда Миллий хизмат - муддатли умумий мажбурий хизмат шундай аталган - 1960 йилда тўхтатилган. Уни яна қайтариш режаси йўқ.

Генерал Сандерс ўз нутқида муддатли мажбурий хизматни қайта жорий қилишга чақирмаган. У кўнгиллилардан ташкил топган профессионал армиянинг самарадорлигига кўпроқ ишонади. Аммо унинг муддаоси шуки, агар уруш бошланса, қўшинлар сони кам бўлиб қолиши мумкин.

Қисқартириш натижасида Британия армиясининг сони 2010 йилдаги 100 000 дан ҳозир 73 000 га тушган. Генерал Сандерснинг таъкидлашича, келгуси уч йил ичида Британия армиясининг кучи захиралар қўшилган ҳолда 120 мингга етиши керак. Аммо унинг айтишича, бу ҳам етарли эмас - шунинг учун армия "биринчи эшелонни таъминлаш, иккинчи эшелонни ресурслар билан таъминлаш ва ундан кейин келиши керак бўлган фуқаролик армиясини тайёрлаш ва жиҳозлаш учун" тез кенгайишга мўлжалланган бўлиши керак.

У қўшимча қилди: "Украина мунтазам армиялар уруш бошлашини ва фуқаро армиялари ғалаба қозонишини амалда намойиш этмоқда."

Хўш, у фуқаро армияси деганда нимани назарда тутди? У муддатли харбий хизмат ёки кўнгиллиларни тезда тўплашни айтмаяпти. Бунинг ўрнига у Британияни уруш бошланса, ўн минглаб одамларни оммавий сафарбар қилишга тайёрланишга чақирмоқда. Бу ҳукуматнинг режалаштириш ва ёндашувини ўзгартиришни талаб қилади.

Мулозимлар

Сурат манбаси, Reuters

Генералнинг фаразий сценарийлари амалда самара бермаслигини айтаётган Даунинг-стрит бу таклифларга қизиқиш билдирмаяпти.

Бироқ армия аллақачон фуқаро армиясини яратиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Уайтхоллдаги манбалардан бирининг Times газетасига айтишича, украиналикларни Британияда ўқитиш армиянинг тез кенгайиши учун репетиция бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Каттароқ армияни тайёрлаш ва жиҳозлаш муқаррар равишда кўпроқ пул талаб қилади. Ҳукумат миллий даромаднинг 2,5 фоизини мудофаага сарфламоқчи эканини билдирган, бироқ қачонлигини ҳали айтмаган.

Генерал Сандерснинг нутқи миллатни уйғотишга қаратилган эди. Аммо сиёсий кўмаксиз ўзини урушга киришаётгандек ҳис қилмаган давлат менталитети ўзгармас экан.

Собиқ юқори лавозимли вазирлардан бири менга Совуқ уруш давридаги таҳдид билан яшаганлар ва яшамаганлар ўртасида фарқ борлигини айтади. Ҳозирда консерватив депутат бўлган собиқ вазир жорий Бош вазир "бу экзистенциал таҳдидларсиз улғайганлардан" деди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002