Назарбоевнинг қудратли жияни МХҚдан олинди, Қозоғистон зўравонликларида экстремистларнинг қўли борми? Qozog'iston

Қозоғистон хавфсизлик кучлари

Сурат манбаси, Reuters

Қозоғистон расмийлари ўнлаб одамларнинг умрига зомин бўлган зўравонликларни давлатга нисбатан "уюштирилган ҳужум" демоқда. Улар тартибсизликларда хорижда тайёргарликдан ўтган "қуролли экстремистлар"ни айбламоқда.

Бироқ Қозоғистондаги ҳукмрон элиталар ўртасида қудрат учун талашиш зўравонликларга сабаб бўлиши мумкинлигига оид далиллар ортиб бормоқда.

Нурсултон Назарбоевнинг жияни Самат Абишнинг Миллий Хавфсизлик қўмитаси биринчи ўринбосари лавозимидан олиниши ҳамда элбошининг куёвлари энергия соҳасидаги етакчи ширкатлари раҳбарлигидан кетказилиши ҳокимият учун курашнинг белгилари сифатида талқин қилинмоқда.

Ҳудуди ғарбий Оврўпога тенг бўлган мамлакатда одамлар бир саволга жавоб топишолмаяпти. Нимага?

Нима учун Қозоғистон Шўро тузуми қулаганидан сўнг энг даҳшатли зўравонликларга саҳна бўлди?

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Олма-Отадаги ўликхона ташқарисида одамлар жасадларни олиб кетиш учун навбатда турибди.

15 январь куни Қозоғистон Бош Прокуратураси ва Соғликни сақлаш вазирлиги брифинг ташкил қилди.

Брифингда тўқнашувларда 225 инсон ҳалок бўлгани айтилди.

Гулшинарнинг укаси Ринард бир ҳафта бедарак кетди. У энди укаси вафот этганини билади.

"Кимнидир деб жуда кўп бегуноҳ одамлар ўлиб кетди. Бизни йиғлашга мажбур қилганлар жазоланиши керак. Улар нимага бундай қилишди", дейди у.

Бошқача айтганда, газ ёнилғиси нархлари сабаб бошланган тинч намойишлар нима учун кутилмаганда зўравонликларга айланиб кетди?

Расмийларнинг таъки��лашича, намойишларни террорист ва хорижда тайёрланган жангарилар эгаллаб олган. Аммо улар бунга жуда оз далил келтиришади.

Қозоғистон давлат раҳбари қонуний тартиб тиклангани, мамлакат хавфсизлигига таҳдид бартараф қилинганини айтади. Аммо бу ердаги ҳодисалар хотиралардан тез ўчиб кетмайди. Зўравонликлар ортида ким турган деган савол ҳам очиқ қолмоқда.

Би-би-сининг Москвадаги мухбири Стив Розенберг Қозоғистондан қатор лавҳалар тайёрлади.

Би-би-си мухбирига гапирган қозоғистонлик фаол Галим Агелеуов намойишчиларга шубҳали одамлар қўшилганига гувоҳ бўлганини айтади.

"Бу ерда таёқ кўтариб олган йигитлар пайдо бўлди. Ва ҳаммани майдонга йўналтиришди. У ерда нимадир етилиб келаётганди", дейди Галим Агелеуов.

Кўчалардаги тартибсизликлар авж олишига давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тоқаев ва элбоши Нурсултон Назарбоевга содиқ гуруҳлар ўртасида ҳокимият учун кураш сабаб бўлди, деган тахминлар ҳам бор.

"Бу жиноий гуруҳлар асосан Назарбоев тарафдорларига алоқадор бўлган. Жумладан, хавфсизлик хизмати одамлари ушбу босқинчиларни тартибсизлик қилишга йўллаб давлатга хиёнат қилгани айтилмоқда", дейди Миллий Хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Алнур Мусаев.

Қурбонлар ҳамма томондан бор. Қозоғистонда ўша пайтларни "қора кунлар" деб аташмоқда.

"Нима учун" деган саволга тўлиқ жавоб берилмагунча, эҳтимол, бу давр мавҳум бўлиб қолаверади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek