Ўзбекистон: Ичиб ҳайдашлар, кўринмас пиёдалар йўлаклари ва кўплаб ўлим - сенатор йўл ҳаракатидан норози - Янгиликлар Yangiliklar

BBC

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати ўз саҳифасида хабар қилишича, 2023 йилнинг ўтган саккиз ойида мамлакат бўйича жами 9 миллиондан ортиқ йўл ҳаракати қоидабузарлиги, жумладан 8 миллионга яқин қўпол қоидабузарлик, 26 мингга яқин транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш, 161 мингдан ортиқ пиёдалар қоидабузарлиги қайд этилган.

Бу муаммо ҳақида мақола ёзган Сенатор Толибжон Мадумаров Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати раҳбариятига мурожаат қилиб: "Сиз раҳбарлик қилаётган тизимга ҳам ҳуқуқий ҳам ташкилий жиҳатдан яна қандай ёрдам керак?!" - деб сўради.

Унинг ёзишича, мамлакатда бу борада етарли қонунлар қабул қилинган, аммо уларнинг тадбиқ қилиниши қониқарсиз.

Саккиз ой ичида, сенаторга кўра, 5 772 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 5 448 нафар фуқаро жароҳатланган ва 1 415 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

"Аксарият тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида ҳайдовчи��арни мазкур объект тўғрисида ўз вақтида огоҳлантирувчи йўл белгилари ўрнатилмаган ва йўл чизиқлари тўғри чизилмаган. Бундан ташқари, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойлари сутканинг қоронғи вақтларида тегишли сунъий ёритиш чироқлари билан таъминланмаганлиги боис, йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарият қисми тунги вақтларда содир бўлмоқда. Таҳлилларга кўра, 2021-2023 йиллар давомида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида 2784 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлса, уларнинг 1007 таси сутканинг қоронғу вақтларида содир этилган", - деб ёзади сенатор.

BBC

Унга кўра, ҳайдовчилар томонидан тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида пиёдаларга йўл бермаслик ҳам йўл-транспорт ҳодисаларининг кўпайишига сабаб бўлмоқда ва бундай ҳолатлар йилдан-йилга ортиб бормоқда. 2021 йил давомида ҳайдовчиларнинг пиёдаларга йўл бермасдан ҳаракатланганлиги учун қўлланилган маъмурий қоидабузарликлар сони 101.796 тани ташкил қилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 142.967 тани, 2023 йилнинг 8 ойида эса 90.211 тани ташкил қилган.

Мақолада айтилишича, спиртли ичимликлар таъсири остида рулни бошқариш сонлари ҳам кўп.

"Транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш деярли одатга айланиб қолганини ҳам афсус билан қайд этиш керак. Мана, юқорида айтдик, жорий йил 8 ойда 26 мингга яқин ҳудди шундай ҳолат аниқланган. Аниқланмагани эса бундан ҳам кўп эмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди."

Сенатор, шунингдек, айниқса тўхташ мумкин бўлмаган жойларда машиналарни қолдириш, турли ташкилот ва муассасаларга туташ йўлларни автотранспорт тураргоҳига айлантириб олиш ҳолатлари тирбандликларга сабаб бўлаётгани, пойтахтга кираверишдаги метро бекатлари атрофида автотураргоҳлар барпо этиш бўйича бошланган ишлар ҳам тўлиқ амалга оширилмаганидан арз қилган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.