Коронавирус: Ҳомиладор аёл Covid-19 вакцинасини олса бўладими? Koronavirus

A pregnant woman at work

Сурат манбаси, Getty Images

Узоқ кутилган коронавирус вакцинаси амалда қўллана бошлаган экан, ҳамма ҳам уни ололмаслиги аллақачон аниқ бўлган. Ҳомиладор ва эмизикли боласи бор аёлларнинг эмланиши улар қаерда яшашига боғлиқ.

Pfizer-BioNTech вакцинасининг клиник синовларида ҳомиладор ва бола эмизадиган аёллар иштирок этмаган. Компаниянинг айтишича, мавжуд маълумотлар вакцина ҳомиладорликка қандай таъсир қилишини аниқ айтиш учун "етарли эмас".

Британияда маълумотлар йўқлиги сабабли расмийлар ҳомиладор ва эмизувчи аёлларни вакцинация дастурига киритмади. АҚШда эса вакцина олиш ёки олмаслик аёлларнинг ўз ихтиёрига қолдирилган.

Қуйида нима учун уларда икки хил тартиб белгилангани ва бу ҳомиладор аёллар учун нимани англатишига жавоб берамиз.

Маълумотлар нимани кўрсатмоқда?

Ҳозирча маълумотлар кўп нарса кўрсатмаяпти.

"Маълумот йўқ", дейди Жон Ҳопкинс университетидан биоэтик, доктор Рут Фаден. У ҳомиладор аёлларнинг соғлиғи ва ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланади. Вакцина ҳомиладор ва эмизувчи аёллар учун бирор зарар етказиши ҳақида маълумот йўқ, аммо бу ҳақда тайинли бир гап айтиш учун асос ҳам йўқ.

"Pfizer"нинг билдиришича, у АҚШ Озиқ овқат ва дори дармон маъмурияти йўриқномасига амал қилган ҳолда йўл тутган ва клиник синовларга ҳомиладор ҳамда эмизувчи аёлларни киритмаган. Бундай аёллар компания бола ёки эмбрионга зарарини тўлиқ аниқлагунча клиник синовларга киритилмайди. Бунақа тажрибалар эса одатда ҳайвонларда ўтказилади. Экспертларнинг айтишича, бу одатий белгиланган тартиб.

"Пандемия бўлмаган вақтларда агар бирор янги вакцина ҳақида гапирсангиз, ҳомиладор аёллар ва уларнинг боласи манфаати ҳақида қайғурувчи бамаъни одамлар илк клиник синовларда ҳомиладорлар қатнашмаслиги кераклигини айтишар эди, - дейди др. Фаден. - бошиданоқ уларни қўя олмас эдингиз."

Pregnant woman

Сурат манбаси, Getty Images

Биоэтикада ҳомиладор аёл "мураккаб таркибли аҳолига қиёсланади, - дейди у. - Бир вақтда икки вужуд билан ишлайсиз. Ҳар иккиси учун ахлоқан масъул бўласиз."

"Умуман олганда, туғилажак бола учун ҳеч ким ҳомиладор аёлнинг ўзидек қайғурмайди. Ундан эшитадиганингиз биринчи савол "бу болам учун хавфсизми?" бўлади", дейди доктор Фаден.

Аммо ҳомиладор аёлларни клиник синовларга қўшмаслик пандемия забтига олиб турган пайтда анча мураккаб қарор эди.

"Жуда мураккаб вазиятдамиз", дейди Шимоли ғарбий университетдан акушер, доктор Эмили Стиннетт Миллер. У Оналар ва эмбрион тиббиёти жамиятининг Ковид 19 бўйича ишчи гуруҳи аъзосидир. "Улар ўта муҳим қарорларни тез қабул қилишлари керак эди. Ҳомиладорларни синовларга қўшишнинг ижобий ва салбий томонлари етарли эди."

Жиддий салбий жиҳати - ҳозир маълумот етишмаётгани аён бўлиб турибди. "Бундай клиник қарорларни чиқаришимиз учун бизда ҳақиқатда маълумот йўқ."

Нега АҚШ ва Британия турлича йўл тутяпти?

Маълумот етарли бўлмаса ҳам, Британия ва АҚШ вазиятга икки хил жавоб қайтарди.

"Тегишли саволга жавоб бериш учун маълумот йўқ бўлса, кейинги савол "Яхши, яна нимани биламиз?" дейишдир", дейди доктор Фаден.

Британия кўпроқ эҳтиёткор йўлни танлади. Англия Жамоат Соғлиғи ташкилоти ўз сайтида билдиришича, "ҳомиладорлар учун хавфлилиги борасида хавотир уйғотадиган" далил бўлмаганда ҳам, агентлик ҳомиладорларга бу вакцинани олишга маслаҳат бериши учун "кўпроқ ноклиник маълумотларни кўришни истайди".

"Ковид 19 вакцинасининг клиник синовларида ҳомиладор аёллар иштирок этмаган экан, ушбу вакцинани ҳомиладорлар ва эмизувчи аёлларга қўллашга тавсия қилиш учун етарли асос мавжуд эмас", дейди Акушер ва гинекологлар қироллик коллежи президенти доктор Эдуард Моррис.

Pregnant woman holds abdomen

Сурат манбаси, Prostock-Studio

Сурат тагсўзи, Одатда янги дори ва вакцина илк синовдан ўтказилаётганида ҳомиладор аёллар иштирок этмайдилар

АҚШлик экспертлар бошқа йўлдан кетди. Улар вакцинани олиш олмасликни ҳомиладор ва эмизувчи аёлларнинг ўз ихтиёрларига қолдиришди.

"Экспертлар унинг илмий асосланган зарари мавжуд эмас деб бир тўхтамга келди", дейди доктор Фаден. Аммо у "бу хавф умуман йўқлигини билдирмайди" деб қўшиб қўйди.

Ковид вакциналари синовлари ўта юқори тезликда ўтказилди, аммо улар бирор босқични ташлаб кетмаган, дейди Америка ва Британия расмийлари, вакциналар ҳам самарали ва ҳам хавфсиз бўлсагина амалда қўллашга рухсат берилади.

Ҳомиладор аёлларга нима қилиш мумкин?

Ҳар икки давлатда ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар вакцина бўйича аниқ тавсиялар олишлари учун ҳаммаси аниқ бўлгунча кутишларига тўғри келади.

"Pfizer" вакцинасининг боланинг ривожланишига зарари бор йўқлиги борасидаги илк ўрганиш хулосалари шу йил охиригача чиқиши кутилмоқда. Бу ўрганишлар тугаллангач, компания клиник синовларини кенгайтириб, уларга ҳомиладор аёлларни ҳам жалб қилиши мумкин. Шунингдек, синовларда иштирок этаётган аёллар орасида синов асносида ҳомиладор бўлиб қолганлар ҳам бордирки, улар ҳам ҳомиладорлик даврида кузатувда бўлади.

Акушер ва гинекологлар қироллик коллежи Британия ҳукуматини вакцина ва унинг ҳомиладор ва эмизувчи аёлларга таъсирини ўрганишга маблағ ажратишга чақирди. АҚШда келгуси ойларда вакцина олишга қарор қилган ҳомиладорлардан ҳам маълумотлар тўпланади. Булар аввало мамлакатнинг соғлиқни сақлаш тизимида ишловчи ва вакцинани биринчилардан бўлиб олишга ҳақли ишчилари бўлиб, улар орасида тақрибан 330 000 нафар ҳомиладор ва эмизувчи аёллар бор.

Joanna Sullivan

Сурат манбаси, Katelyn Lloyd of Abundant Life Co

Сурат тагсўзи, Келгуси йил ёзида кўзи ёришини кутаётган Жоанна Салливан ҳомиладорлиги пайтида вакцина олмоқчи эмас

"Биз бу маълумотлар ҳомиладорлар бўйича аниқ тавсиялар бера олишимизга имкон беради деб умид қиламиз", дейди доктор Фаден.

Айни пайтда, айрим ҳомиладор ва эмизувчи аёллар вакцина олмаслигини айтмоқда.

35 ёшли Жоанна Салливан жануби ғарий Оҳайода яшайди. У биринчи боласи июнда туғилишини кутяпти. У кўзи ёргунча вакцина олмоқчи эмас.

"Ҳозир ҳеч қандай муаммо йўқ. Биринчи болам бўлгани учун хавф каттароқ", дейди у. Ва бошқа ҳомиладорлар қандай йўл тутишини кўриш ҳам "ёрдам бериши" мумкин. Унинг айтишича, барибир вакцина олишдан тийилиши эҳтимоли катта.

Англиянинг Глостершир графлигида 34 ёшли Эми Коллендер эса бола эмизаётган бўлганда балки ўйлаб кўрарди, аммо ҳозир унинг ўғли икки ёшга тўлай деб қолган. "Агар қўлимда чақалоғим бўлганда, менимча олмасдим", дейди у. Ва агар у ҳозир ҳомиладор бўлганида ҳам вакцинани рад қиларди.

Ҳар иккала аёл ҳам вакцина ҳақида кўпроқ маълумот олишни исташларини айтса ҳам, аммо ўзлари клиник синовларда қатнашишни исташмайди.

"Муаммо шунда, мен тушунаман нима учун синовларда бирорта ҳам ҳомиладор қатнашмаганини, - дейди Салливан хоним. - Ким ҳам боласини хавфга қўйишга рози бўларди?"

Аммо доктор Фаденга кўра, Ковид 19га қарши муваффақиятли вакцина ҳомиладорлар ва бола эмизаётган аёлларни ҳам қамраб олиши керак.

"Агар ҳомиладорларни ҳам эмлай олмасак, пандемияга қарши самарали вакцинамиз бўлмайди", дейди доктор Фаден.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek