Украина уруши: қандай қилиб портлашдан омон қолган аёл Россия дезинформацияси нишонига айланди? Ukraina Rossiya

  • Ольга Робинсон ва Орисия Химияк
  • BBC Monitoring
Таня ҳақидаги Россиянинг сохта даъволари Белорусь ТВда намойиш этилди

Сурат манбаси, Belarus 1 TV

Сурат тагсўзи, Таня ҳақидаги Россиянинг сохта даъволари Белорусь ТВда намойиш этилди

Черниҳивдаги мактабга қилинган ҳаво ҳужумидан сўнг Украина ижтимоий тармоқларида қонга беланган тирик қолган аёлнинг видеоси тарқалди.

Аммо тез орада унинг кўргуликларидан кремлпараст аккаунтлар фойдаланди, шу жумладан, Россия Ташқи ишлар вазирлигига алоқадор бириси уни сохталикда айблади.

"Ҳеч қандай сирена овози ҳам, чийиллаш ҳам, ўқ овози ҳам йўқ эди, - дейди Таня. - У бирдан бинога урилди ва ҳамма нарса қоронғи бўлиб кетди. Бино қулаб тушди".

Таня март ойининг бошида ҳаво ҳужумига учради.

У Киев шимолидаги Черниҳив шаҳридаги 21-мактабда гуманитар ёрдам тарқатиш учун кийим-кечакларни саралашда ёрдам бераётган вақтда бинога ракета келиб тушган.

Маҳаллий расмийлар ҳужумдан кейин Черниҳив шаҳридаги 21-мактабнинг видеосини Telegram да эълон қилдилар.

Сурат манбаси, Vyacheslav Chaus/Telegram

Сурат тагсўзи, Маҳаллий расмийлар ҳужумдан кейин Черниҳив шаҳридаги 21-мактабнинг видеосини Telegram да эълон қилдилар.

Расмийлар мактаб номини айтмаган бўлса да, Би-би-си Telegram'да жойлаштирилган суратлар орқали ўша бинони топишга муваффақ бўлди.

Маҳаллий ҳукумат ўшанда маълум қилишича, Россия учоғи ўша куни икки мактабга урилган, натижада 9 киши ҳалок бўлган, тўрт киши жароҳатланган.

Таня портлаш натижасида ҳушидан кетди.

Унинг айтишича, у ҳушига келганида тириклигини ва юра олишини англаган.

У ўрнидан туриб, атрофга қарганда ваҳима ичидаги одамларни, полда ётган жасадларни, улар орасида зарбадан бир неча дақиқа олдин унинг ёнида турган аёлнинг жасадини кўрди.

Қўрқиб кетган Таня уйига югурди.

Таня ушбу суратларни портлашдан олдин(чапда) ва портлашдан кейин(ўнгда) 21-мактабда ўзининг телефонида туширган.

Сурат манбаси, Tania

Сурат тагсўзи, Таня ушбу суратларни портлашдан олдин(чапда) ва портлашдан кейин(ўнгда) 21-мактабда ўзининг телефонида туширган.

Уйида у Instagram'га видео жойлаштирди, у ҳали ҳам қонга бўялган ва юзида жароҳатлар кўриниб турарди, нима бўлганини сўзлаб берди.

"Портлаш содир бўлганида мен 21-мактабда эдим, - дейди у видеоклипда. - Мен тирик қолдим. Ҳаммага омад. Умид қиламанки, сиз мендан кўра бахтлироқсиз.

"Нега мен буни ёзяпман? Ўша мактабда жуда кўп болалар бор эди. Улар омон қолганми, билмайман. Шунчаки бу видеони барча рус дўстларингизга юборинг".

Бир неча соат ичида унинг видеоси Украинада тарқалди.

Клип биргина Instagram'да ўн минглаб марта кўрилди ва Украинанинг бир қатор янгиликлар сайтларида эълон қилинди.

Таня Instagram га видеосини қўйганидан кейинги бир неча соат ичида бутун Украина социал тармоқларида машҳур бўлиб кетди

Сурат манбаси, Tania/Instagram

Сурат тагсўзи, Таня Instagram га видеосини қўйганидан кейинги бир неча соат ичида бутун Украина социал тармоқларида машҳур бўлиб кетди.

Таня Би-би-сига обуначилари мингларга кўпайганини ва Instagram'да ўнлаб хабарларни олганини, уларнинг баъзилари далда берувчи, баъзилари таҳдидли эканини айтиб берди.

Унга хат ёзганлар орасида россияликлар ҳам бор эди.

Улардан баъзилари Россия расмийларининг хатти-ҳаракатлари учун узр сўраган. Аммо бошқалар унинг ҳикоясига ишонмай, уни «сохта» деб атаган.

Уйдирилгани ҳақида даъволар

Кўп ўтмай, Танянинг дўстлари унга рус ва беларус оммавий ахборот воситаларидан скриншотларни юборишни бошладилар, унда унинг видеоси фантастика деб номланган эди.

Бу хабарларда уни «талаба» деб аташган, унинг юзидаги яра ҳақиқий эмаслиги ва юзидаги қон табиий кўринмаслиги ва портлашдан эндигина омон қолган одам учун ўзини жуда «оддий» тутаётгани даъво қилинган.

Бу даъволар ёлғон эди. Таня «талаба» эмас - у 29 ёшда, босқиндан олдин официант бўлиб ишлаган.

У ҳужумдан кейинги иккинчи куни олган ва Би-би-сига берган суратларида унинг юзидаги жароҳатлар аниқ кўриниб турарди, бу у Instagram'да жойлаган кадрларга мос келади.

Унинг хотиржамдек туюлганига келсак, Таня Би-би-сига видеони ёзиб олганида "чуқур шокда" бўлганини айтди.

Танянинг жароҳатлари портлашдан икки кун ўтганидан кейин ҳам кўриниб турарди.

Сурат манбаси, Tania

Сурат тагсўзи, Танянинг жароҳатлари портлашдан икки кун ўтганидан кейин ҳам кўриниб турарди.

"Мен хотиржам эдим ва қўрқмасдим. Мен шунчаки шокда эдим, - дейди у. - Бундан бир неча соат ўтгач, менда ваҳима бошланди. Кейинги икки кун овқат емадим, ухлай олмадим, йиғлаб юбордим. Бу даҳшатли туш эди."

Баъзи рус хабарлари, шунингдек, Украина бўйлаб мактаблар босқин бошланишидаёқ ўз фаолиятини тўхтатганини ва бу вақтда мактабда кўп бола бўлиши мумкин эмаслигини даъво қилмоқда.

Аммо мактаб инсонпарварлик ёрдамини қабул қилиш пункти сифатида ишлатилган ва маҳаллий аҳоли учун хавфсиз жой ҳисобланган, дейди Таня, уларнинг баъзилари ўз фарзандларини у ерга олиб боришган.

Расмийлар ушбу версияни тасдиқладилар. Черниҳив вилояти давлат маъмурияти раҳбари Вячеслав Чауснинг бизга айтишича, мактаб ертўласи маҳаллий аҳоли ўққа тутилган тақдирда яшириниш учун очилган.

Сохта факт текширувчилар

Таня Россия ОАВ ва ҳатто Россия ҳукумати томонидан уйдирмачиликда айбланган кўплаб украиналик фуқаролардан биридир.

Таня ҳақида ёлғон даъволарни тарқатувчилар орасида "Фейкларга қарши уруш" деб номланган аккаунт ҳам бор эди, унинг "фош қилиш" видеоси шу кунгача Telegram'да 400 000 мартадан кўпроқ кўрилган.

Бу ташқи ишлар вазирлиги ва Россия элчихоналари томонидан ижтимоий тармоқларда илгари сурилаётган кўп тилли "факт-текширув" лойиҳаси бўлиб, у "Украинада содир бўлаётган воқеалар ҳақида холис маълумот" беришини даъво қилади.

Унинг баъзи текширувлари ҳақиқий бўлса да, уларда Таняга қарши айбловлар каби ёлғон маълумотлар ҳам мавжуд. У бераётган маълумотлар мазмуни Москванинг уруш ҳақидаги мавқеига мос келади: Украина тажовузкор, украиналиклар катта миқёсдаги ҳарбий жиноятлар содир этмоқда ва Россиянинг қонунбузарлиги ҳақидаги ҳар қандай далил уйдирма.

Россиянинг "ВКонтакте" ижтимоий тармоғида, Россиянинг бир қатор минтақавий оммавий ахборот воситаларида, камида битта ахборот агентлигида ва Беларус давлат телевидениесидаги кремлпарастлар "Фейкларга қарши уруш" аккаунтига тааллуқли ёки унинг гапларини такрорловчи ҳикоялар пайдо бўлди.

Хафалик ва хотиралар

Танянинг айтишича, у интернетда ўзи ҳақидаги ёлғон даъволарни кўриб, ғазабланиш ўрнига кўпроқ қайғу ҳис қилган.

"Бу ёлғонларга ишонадиган бу одамлар учун қайғурдим ва хафа бўлдим. Улар бу уруш ҳақиқий эканлигини ва буларнинг барчаси содир бўлаётганини тан олишдан жуда қўрқишади, шунинг учун уларга ишонмаслик ёки айтганларимни фейк деб аташ учун баҳона ёки сабабларни топиш осонроқ. Улар учун Украина театр, украиналиклар эса актёр эканлигига ишониш осонроқ".

У Украинадан Польшага жўнаб кетди. Энди унинг юзида чандиқ бор. Унинг кўриш қобилияти портлаш туфайли бузилган ва жароҳатдан кейинги стрессдан азият чекаётганини айтади.

"Польшада бўлганимда ҳам ҳужумни эслаяпман, - дейди у. - Ростини айтсам, уйга қайтишга ҳам тайёр эмасман".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek