Янгиликлар. Ҳиндистон: Бурқадаги одам аёл эмас, эркак бўлиб чиқди ёки ўз синглисига уйланган эркак – мусулмонлар ва аёлларга қарши нималар тарқалмоқда? Dunyo Hindiston Yangiliklar

  • Ахил Ранжан
  • ББC Глобал дезинформация жамоаси
Videodan lavha

Сурат манбаси, TWITTER

Сурат тагсўзи, Ҳиндистонда миллионлаб одам кўриб, улашган видеода бир эркак қора бурқа кийиб, бола кўтарган одамга ҳужум қилгани акс этган. Бурқани тортганида эса, у одам аёл эмас, эркак бўлиб чиқади...

Яна нималар бўлмоқда?

Алоқадор мавзулар:

Bangalor

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бу реал оқибатларга олиб келиши мумкин - сўнгги бир неча йилда бола ўғрилигида гумон қилиб оломон бир неча кишига ҳужум қилгандан сўнг, Ҳиндистоннинг кўплаб штатлари ҳукуматлари сохта янгиликлардан огоҳлантиришга мажбур бўлди...

Ҳиндистонда миллионлаб одам кўриб, улашган видеода бир эркак қора бурқа кийиб, бола кўтарган одамга ҳужум қилгани акс этган. Бурқани тортганида эса, у одам аёл эмас, эркак бўлиб чиқади.

Ушбу видеога тиркалган ёзувда ҳиндий тилида бурқага яширинган жиноятчилар болаларни ўғирлашидан эҳтиёт бўлиш ҳақида огоҳлантирув бор.

Бу видео шу йил бошларида YouTube'да эълон қилинган ва ўчирилгунга қадар 29 миллион одам кўрган.

Аммо у ҳақиқий воқеани кўрсатмайди, балки саҳналаштирилгандир, яъни ҳаваскор актёрлар сценарий бўйича роль ўйнаган.

Кўнгилочар мақсадларда чиқариладиган саҳналаштирилган видеолар Ҳиндистонда гўё ҳақиқий юз берган воқеадек одамлар орасида тарқалади.

Кўп ҳолларда бу видеоларда диний нафрат ва мизогиния ифодаланган сохта даъволар ҳам бўлади.

Ҳиндистонда 2014 йил май ойида Бош вазир Нарендра Модининг ҳинд миллатчи Бҳаратия Жаната партияси (БЖП) ҳокимиятга келганидан бери диний жамоалар, айниқса, ҳиндулар ва мусулмонлар ўртасида кескинлик кучайган.

Ушбу саҳналаштирилган видеолар ҳинд, тамил, малаялам, гужарати, марати ва телугу каби бир қанча тилларида тарқалади.

Ушбу видеоларда аёлларга нисбатан ахлоқий сиёсат ҳам тарғиб қилинади. Баъзида саҳналаштирилган видеоларни маҳаллий ОАВ янгилик билан адаштиради.

Саҳналаштирилган видеоларнинг аксариятида болаларни ўғирлаш учун бурқа кийган эркаклар тасвирланган.

Бу реал оқибатларга олиб келиши мумкин - сўнгги бир неча йилда бола ўғрилигида гумон қилиб оломон бир неча кишига ҳужум қилгандан сўнг, Ҳиндистоннинг кўплаб штатлари ҳукуматлари сохта янгиликлардан огоҳлантиришга мажбур бўлди.

Нега бу видеолар хавфли?

Soxta videodan lavha

Сурат манбаси, .

Ушбу саҳналаштирилган видеолар ижтимоий тармоқларда одамларни чалғитиб юбориши мумкин бўлган хато маълумотлар беради. Баъзиларида дисклеймерлар бор, лекин улар видеонинг ўртасида ёки охирида бўлади.

Кўпгина ҳолларда, бу огоҳлантиришлар инглизчада бўлиб, одамларга доим ҳам тушунарли эмас.

Alt News томонидан ўтказилган факт текширувига кўра, бурқа кийган эркак видеосини кейинчалик муаллифи ўчирган, видеода бу тўқима экани ҳам кўрсатилган эди. Аммо бу огоҳлантирув бир сониягина кўринади.

Бошқа ижодкорлар видеони янада реалроқ кўрсатиш учун кузатув камералари шаблонларини ҳам қўшади.

2021 йил декабрь ойида бир неча тилларда кенг тарқалган ана шундай видеолардан бирида мусулмон эркаклар ҳинду қизлари овқатига дори қўшиб, уларни маст қилмоқчи бўлгани ҳақида даъво ҳам бор.

Видео остидаги изоҳларда кўплаб фойдаланувчилар буни ҳақиқат деб ҳисоблаб, исламофобик сўзлар айтган. "Севги жиҳодидан эҳтиёт бўлинг", деб изоҳ қолдирган бир фойдаланувчи.

"Севги жиҳоди" мусулмон эркаклар ҳинду аёлларини Исломга ўтказаётгани ҳақидаги фитна назариясига ишора қилади.

Ҳайдарободлик ижодкор Венкат Сипана томонидан яратилган аксарият видеоларда кузатув камерасига тушадиган видеолар шаблони қўйилади. Унинг YouTube каналида 1,2 миллиондан ортиқ обуначи ва 400 дан ортиқ видео бор.

Битта видеода тикувчи эркак аёл билан ёмон муомала қилади. У Twitter ва Facebook саҳифаларида мусулмон эркак ҳинду аёлни ҳақорат қилмоқда деган изоҳ билан тарқатилган: "Ҳинду опа-сингиллар мусулмон дўконларига бормасин, улар менталитети ёмон одамлардир".

Videodan lavha

Сурат манбаси, YOUTUBE

Сурат тагсўзи, Битта видеода тикувчи эркак аёл билан ёмон муомала қилади. У Twitter ва Facebook саҳифаларида мусулмон эркак ҳинду аёлни ҳақорат қилмоқда деган изоҳ билан тарқатилган: "Ҳинду опа-сингиллар мусулмон дўконларига бормасин, улар менталитети ёмон одамлардир"

Сипана Би-би-сига видеоларни "одамларни огоҳлантириш ва реал ҳаётий вазиятларни кўрсатиш" учун тайёрлаганини айтди.

Журналист ва дезинформация тадқиқотчиси Алишан Жафрининг айтишича, кенг тарқалаётган саҳналаштирилган видеолар жисмоний зўравонликка олиб келмаслиги мумкин. Аммо улар мавжуд диний бўлинишларни чуқурлаштиради.

"Ушбу видеолар аллақачон бўлинган ва қутбланган жамиятда оловга мой қуяди. Ушбу видеоларнинг аксарияти муайян жамоаларга, айниқса, мусулмонларга қарши қаратилган ва улар кенг ёйилганда озчиликларга қарши тизимли зўравонликка туртки беради", дейди у.

Баъзан ушбу саҳналаштирилган видеолар интернетда нотўғри маълумотларни тарқатиш учун ишлатилади.

Улардан баъзилари ёшида катта фарқи бор дўстлар ва оила аъзолар ўртасидаги ноқонуний муносабатларни тасвирлайди.

Иккита шундай саҳналаштирилган видеолар май ойида ҳинду жамоасига қарши ёлғон даъволар билан кенг тарқалди.

Биринчисида ҳиндуизм билан боғлиқ заъфарон рангида кийинган, ўз синглисига уйланаётганини гапирган эркак тасвирланган.

Иккинчи видеода эса ўша аёл унинг ёнида бурқада турибди ва эркак уни ҳиндуизмга ўтказиш учун унга уйланаётганини айтади.

Twitter'да баъзилар ушбу клиплардан ўзини мусулмон қилиб кўрсатишга синглисини мажбурлаган ҳинду эканлигини даъво қилиш учун фойдаланишган.

Иккала видеода тасвирланган эркак ҳам, аёл ҳам бошқа видеоларда бошқача қаҳрамонлар қиёфасида пайдо бўлади.

Videodan sahna

Сурат манбаси, TWITTER

Сурат тагсўзи, Икки саҳналаштирилган видеода ҳинду эркак ўз синглисига уйланаётгани тасвирланган

Оригинал клипларни 400 000 дан ортиқ обуначига эга YouTube каналида топиш мумкин, улар одатда саҳналаштирилган видеоларни жойлаштиришади.

Би-би-си канал эгаси Викрам Мишрадан унинг видеолари ҳақиқий воқеадек деб қабул қилинишини биласизми, деб сўраганида, у шундай жавоб берди: "Мен жамият тенденцияларига мос келадиган видеолар яратаман."

Унинг айтишича, видеолар фақат "кўнгилочиш ва томоша учун яратилган, чунки бизнинг 12 кишидан иборат жамоамиз YouTube каналимиз орқали тирикчилик қилади".

Би-би-си, шунингдек, ижтимоий медиа платформаларига контекстдан узиб олиб жойлаштирилган саҳналаштирилган видеолар бўйича сиёсати ҳақида саволлар билан мурожаат қилди.

Meta сўзчиси таъкидлашича, "Facebook'да зўравонлик қўзғатувчи контентга қарши аниқ қоидалар" бор ва ушбу қоидаларни бузадиган ҳар қандай материал олиб ташланади.

YouTube ҳам платформада "зўравонлик ёки график контент", нотўғри маълумотлар ва "жиддий зарар етказиш хавфи бўлган чалғитувчи контентга қарши қатъий сиёсат" борлигини таъкидлади.

Илгари Twitter номи билан танилган Х ҳам "тез орада қайтиб чиқиш" ҳақида автоматлаштирилган жавоб юборди.

Саҳналаштирилган видеони қандай фарқлайсиз?

Кўплаб видеолар саҳналаштирилганлиги сезилиб туради ва улар бошқа мамлакатларда ҳам ишлаб чиқарилади ва тарқатилади. Ҳиндистон ва бошқа Осиё мамлакатларида фаолият юритувчи Fact Crescendo бошқарувчи муҳаррири Хариш Наирнинг айтишича, уларга ҳиндлар ишонади ва мамлакатда юқори суръатда тарқалади, чунки улар "консерватив аудиторияга мойдай ёқади".

Унинг таъкидлашича ҳиндлар "жамоат манфаати учун чиқарилган деб ўйласа, видеоларни бошқаларга улашаверади".

Саҳналаштирилган видеолар Ҳиндистонда дезинформациянинг асосий тенденцияси эмас, дейди у. Аммо улар "жамиятга жуда катта таъсир кўрсатади, чунки бу видеолар одамларнинг эътиқодлари ва ҳис-туйғуларини тасдиқлайди, холос".

Деҳлида жойлашган рақамли ҳуқуқларни ҳимоя қилиш гуруҳи бўлмиш Internet Freedom Foundation директори Пратик Вагре ҳам шундай фикрда. "Медиа саводхонлиги пастлиги муаммонинг бир жиҳати, аммо бу ижтимоий бўлинишлар кучли бўлган ва одамлар аллақачон шундай фикрлашга мойил бўлган жамиятда кузатиляпти."

Аммо видеонинг аслида саҳналаштирилганини текшириш усуллари мавжуд.

Ҳиндистоннинг Newschecker кўп тилли ахборот агентлиги бош муҳаррири Руби Дингранинг айтишича, томошабинлар камера бурчаклари, жойлашуви, реакциялари ва видеода ишлатиладиган тилга эътиборли бўлишлари керак. Улар одамлар камерадан яширинишга уринганми ёки йўқ, овози табиийми ёки баланд овозда гапиряптими, шуларга қараш керак.

Дингра воқеанинг бир нечта камералар орқали, ҳеч қандай узилишларсиз олингани ҳам унинг саҳналаштирилганига далолат қилишини таъкидлайди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002