Исроил-Ғазо уруши ҳақидаги ёлғон ва нафратни интернетда кимлар тарқатмоқда? Янгиликлар Isroil G'azo Dunyo Yangiliklar

  • Марианна Спринг
  • Би-би-сининг дезинформация ва ижтимоий тармоқлар бўйича мухбири
Social media apps on a smartphone. File photo

Сурат манбаси, Reuters

Исроил ва Ғазода нималар рўй бераётгани ҳақида ижтимоий тармоқлар фейк хабарлар, фитна назариялари, нафрат изҳорларига тўлиб кетган. Сохта аккаунтлар ҳам одамларни манипуляция қилиш учун қўлланаётгани масаласи ҳам кўтарилмоқда.

Уруш ва зўравонлик ёйилиб борар экан, уларнинг ортида турганларни ўргандим.

TikTok'ни очиб "Сиз учун саҳифа" қисмига боққанимда 7 октябр куни бир исроиллик аёлни Ҳамас жангарилари гаровга олаётгани тасвирланган видеога кўзим тушди. Манзара одамни даҳшатга соларди.

Алоқадор мавзулар:

Видео остидаги изоҳларни айлантириб кўрганимда, реакция мен кутган шаклда эмасди.

Айримлар постдан кайфиятлари тушганини айтган бўлса ҳам, қолган фойдаланувчилар бу видео сохта эканини айтаётганди.

Улар бу аёл "оддий фуқаро эмас", балки аскар деса, яна бири буни Ҳамасни ёмонотлиқ қилиш учун саҳналаштиришган дердилар.

Айримлари эса Ҳамас гаровдагиларга ёмон муомала қилганини тасдиқловчи далил йўқ дейишарди.

Би-би-си томонидан сохта эмаслиги тасдиқланган ўша видеода қонга беланган ёш аёлни жангарилар мажбурлаб машинага тиқаётгани кўрсатилган эди. Видео Ғазо шаҳрига яқин Шейжияда олинган.

Мен ижтимоий тармоқларда гаровга олинганлар ҳақидаги видеолар ва бошқа постларни ҳам кўздан кечирдим. Уларнинг барчасида шунга ўхшаш изоҳлар ёзилган эди.

Исроил фуқаролари умумий мажбурий ҳарбий хизматни ўтайди, аммо далиллар кўрсатяптики, Ҳамас томонидан гаровга олинганларнинг аксарияти тинч аҳолидир. Гаровдагилар орасида фестивалга борганлар ва болалар ҳам бор.

Дезинформация гаровга олинганларга қарши зўравонликларни яшириш ёки камайтириб кўрсатиш билан чекланмаяпти. Исроил ҳукумати қарорларини дастаклаш учун ҳам талай адаштирувчи ва нафратга тўла контент тарқатилмоқда.

Исроил аскарлари мусиқа фестивалида 260 дан ортиқ одам ўлдирилган ҳудудда патрул хизматини ўтамоқда

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Исроил аскарлари мусиқа фестивалида 260 дан ортиқ одам ўлдирилган ҳудудда патрул хизматини ўтамоқда

Яна бир аккаунт улашган видеода Ғазода фаластинликлар атай ўзларини жароҳатланган қилиб кўрсатяпти деган даъво бор. Бу видео аслида 2017 йили хайрия ташкилотлари билан ҳамкорликда фильм суратга олишда макияжчининг иш жараёнидан олинган.

Бу даъволар нафақат мен учун даҳшатли эди, улар умуман юз бераётган воқеаларни тушунишга ҳам таъсир қилар эди.

Агар хабар олиш учун ижтимоий тармоқлардан фойдалансангиз, онлайн суҳбатларни бузиш, чалғитиш учун қилинаётган уринишлар нималар юз бераётганини тўғрироқ тушунишни қийинлаштиради.

Бу каби ёлғонлар халқаро ҳамжамиятнинг уруш жиноятларини ўрганиши, ёрдам етказиши, амалда нима юз бераётганини аниқлашини мураккаблаштиради.

Баъзида бундай адаштирувчи постлар манбасини аниқлаш осон.

Масалан, Жастин Бибер каби машҳурлардан бирортаси "Исроил учун дуо қилинг" деб шунчаки Instagram' пост қўйиб, унга Исроил кучлари Ғазонинг кулини кўкка совураётгани тасвирланган сурат илова қилиши мумкин.

X'даги илгари фитна назарияларини тарқатиш билан машҳур бўлган аккаунтлар юз бераётган ҳодисалар кўламини пасайтириб ёки кучайтириб ёлғон постлар қўяди.

Булар орасида илгариги урушларда олинган виделарни ёки видео ўйинлардан қирқиб олинган парчаларни улашиш ва уларни бугунги Исроил ва Ғазодаги вазиятга боғлаш кўпроқ учрайди.

X'да фаол бўлган, исроилпараст ва аксилмусулмон аккаунтларнинг айримлари Ҳиндистонда жойлашган ва Бош вазир Нарендра Модини ҳам қўллашади.

Мен жойи ва шахси номаълум бўлган профилларга қизиқиб кўрдим.

Бу аккаунтлар ортида кимлар турибди?

Гаровга олинганлар тинч аҳоли эмас, балки аскарлар бўлган деган даъвони тарқатаётган аккаунтларнинг баъзилари ортида ёшлар турибди. Бу профиллар бошқа пайт асосан кулгили мемлар ёки футбол клипларини бўлишади.

Баъзилар "Фаластинга озодлик" каби шиорлар билан суратлар жойлайди. Мен уларга ёзганимда, улар менга Покистон ва Бирлашган Араб Амирликларидан эканликларини айтишди.

Баъзи профиллар эгаси аниқ бир одам экани ҳам нотайин.

Баъзилари турли сиёсий мавзуларни бетартиб жойлаштиради. Россия президенти Путинни қўллаб-қувватлаш ва Украинадаги уруш, шунингдек, АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп ҳақида. Ушбу аккаунтларнинг баъзилари янги очилган ёки охирги пайтларда фаоллашган.

Ўтмишда Исроил ҳукумати ҳам, Ҳамас жангарилари ҳам «бот» тармоқлар орқали, яъни чалғитувчи ғояларни тарғиб қиладиган, ҳақиқий бўлмаган аккаунтлар орқали ёлғон ахборот тарқатишга уринганликда айбланган.

Исроилда жойлашган Cyabra ижтимоий медиа таҳлил компанияси маълумотларига кўра, 7 октябрдан бери Ҳамас ҳужумлари ҳақида ёзаётган ҳар бешинчи аккаунт фейкдир.

Бу контекстда «фейк» деганда автоматик бошқариладиган ботлар тушунилиши ҳам мумкин, аммо айримларини ҳақиқий одамлар сохта исмлар остида ёзиши ҳам мумкин.

Компания 40 000 га яқин сохта аккаунтларни, шу жумладан, Х ва TikTok'да ҳам аниқланганини айтд��.

Унда айтилишича, ушбу профилларнинг баъзилари Ҳамасни қўллаб-қувватловчи ёлғон ахборот тарқатади. Масалан, жангарилар ҳақиқатан тинч аҳолини гаровга олгани фактлар билан фош бўлиб қолса, улар гаровга олинганларга яхши муомала қилинаётгани ҳақида гапира бошлайди. Бу исроилпараст алдамчи хабарлар ҳам тарқатилмаётганини билдирмайди, албатта.

Аккаунт ҳақиқий эмаслигини аниқлаш учун айрим тавсиялар бор. Мисол учун, агар профиль яқинда очилган бўлса ва тўсатдан кўп сонда, чалғитувчи ва баъзан қарама-қарши мазмундаги постлар қўйилган бўлса.

Бироқ, барибир, профилнинг сохта эканлигини ва унинг ортида ким турганини аниқлаш жуда қийин иш. Бунинг учун журналистлар кўпинча фойдалана олмайдиган, фақат ижтимоий медиа компанияларидан олиш мумкин бўлган маълумотлар талаб қилинади.

Ижтимоий тармоқ компанияларига босим

Ижтимоий тармоқлар охирги ҳафталарда ёлғон хабарлар тарқалаётгани учун кенг танқидга учради. Европа Иттифоқи Х'ни террорчилик ва зўравонликка дахлдор контент тарқалгани, нафрат қўзғовчи постлар учун тергов қилмоқда.

Twitter (ҳозирги Х) нинг собиқ ходимлари менга компаниянинг янги эгаси Илон Маск давридаги ишдан бўшатишлардан сўнг компания айрим ҳукуматларнинг мувофиқлаштирилган дезинформациясига қарши кураша олмай қолганини айтишди.

Ҳукуматларнинг ижтимоий тармоқдаги дезинформация кампанияларига қарши курашган Рэй Серрато менга Маск компанияни сотиб олгач, ўзининг собиқ жамоаси қандай қилиб "йўқ қилинганини" сўзлаб берди.

Унинг айтишича, "муайян минтақалар, жумладан, Яқин Шарқ" бўйича ихтисослашган, бу жойлардаги мувофиқлаштирилган дезинформация операцияларини аниқлаб, уларга қарши кураша оладиган экспертлар ҳозир компанияда ишламаяпти.

Х Би-би-сининг изоҳ сўровига жавоб бермади. Бу ҳафта ижтимоий медиа сайти Ҳамасга алоқадор юзлаб аккаунтларни платформадан олиб ташлаганини айтди.

TikTok'нинг йўриқномасида компания мавжуд вазият туфайли "TikTok'даги зўравонлик, нафрат ёки чалғитувчи контент олдини олиш учун кўпроқ ресурс ажратилиши" таъкидланган.

Х, TikTok ва бошқа платформаларда дезинформация қандай тарқалаётгани Ғазо сектори ва Исроилдаги вазият ҳақида кенг жамоатчилик кайфиятини белгилаши мумкин.

Кенг жамоатчилик эса, ўз навбатида, нима содир бўлиши ҳақида муҳим қарорлар қабул қиладиган сиёсатчиларга босим ўтказади.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002