Ишғол остидаги Украина ҳудудларида одамлар сайловда қатнашишга мажбурланмоқда

  • Виталий Шевченко
  • Би-би-си мониторинг
Босиб олинган Украина ерларидаги одамлар Путин ютиб чиқиши кутилаётган сайловда қатнашишга қаттиқ тарғиб қилинмоқда

Сурат манбаси, Россия назорати остидаги Донецк сайлов комиссияси

Сурат тагсўзи, Босиб олинган Украина ерларидаги одамлар Путин ютиб чиқиши кутилаётган сайловда қатнашишга қаттиқ тарғиб қилинмоқда

Москва Украинанинг ишғол остидаги аҳолисини Россиядаги президентлик сайловларида овоз беришга чақирувчи кенг кўламли кампания бошлади.

Биринчи марта овоз бериш уч кун давомида (15-17 март кунлари) бўлиб ўтмоқда, бироқ Украинанинг тўртта вилоятининг босиб олинган қисмларида: Запорожье, Херсон, Донецк ва Луганскда қўшимча муддатидан олдин овоз бериш аллақачон бошланган.

Бир украиналик қуролли аскарлар ҳамроҳлигида уйма-уй юриб сайловчиларни қидираётган ва русларга ишлаётган ватандошларидан шикоят қилди.

Владимир Путин, албатта, яна бир муддатга ғалаба қозонади, аммо сайловчиларнинг юқори иштироки Кремлга бошқарувини қонунийлаштиришга ёрдам беради.

Бундан Россиянинг Украинага бостириб киришини оқлаш учун ҳам фойдаланишади.

Алоқадор мавзулар:

Владимир Путин сайлов бюллетенидаги тўртта номзоддан бири, аммо қолганларнинг ҳеч бири унга қийинчилик туғдирмайди.

Унинг энг ошкора танқидчиларининг барчаси сургунда, қамоққа ташланган ёки вафот этган.

iqtibos

Овоз беришга мажбур

Овоз бериш одатда Россиянинг чекка ҳудудларида эрта бошланади, бироқ бу тартиб "хавфсизлик нуқтаи назаридан" Украинанинг қисман босиб олинган тўртта вилоятида ҳам жорий қилинди.

Украиналиклар турли йўллар билан овоз беришга мажбурланмоқда.

konsert

Сурат манбаси, Tavria TV

Ишғолчи ҳокимият сайлов участкаларини очган бўлса ҳам, ��айловчиларнинг уларга бориши шарт эмас, чунки ҳокимият вакиллари сайлов қутилари билан уйма-уй юрибди.

"Ҳурматли сайловчилар, биз сизнинг хавфсизлигингиз ҳақида қайғуряпмиз! Овоз бериш учун ҳеч қаерга бориш шарт эмас - биз сизнинг уйингизга бюллетень ва қутилар билан борамиз!" Бу ҳақда Россиянинг Запорожье вилояти учун сайлов комиссияси ижтимоий тармоқларда маълум қилди.

Босқин остидаги украиналикларга InformUIK деб номланган овоз бериш кампанияси орқали ҳам босим ўтказилмоқда. Бундан мақсад гўёки овоз бериш тартиби, шунингдек, барча номзодлар ҳақида одамларни хабардор қилишдир.

Улар Россия босиб олган ҳудудлар аҳолиси уйларига боришади, камига кўпинча қуролланган одамлар билан юришади.

Улар сайловчилар рўйхатини тузиш учун шахсий маълумотларни тўплайди ва баъзан бу ташрифлар давомида маҳаллий аҳолини суратга олади. Қисман босиб олинган Запорожье вилоятидаги Россия сайлов округи раҳбари маҳаллий аҳоли бу суратга олиш ишларидан хавотирда эканини тан олди.

Украиналиклар аллақачон Россия паспортларини олиш учун қаттиқ босим остида қолган, бироқ Украина паспортлари овоз беришни янада осонлаштириш учун идентификация сифатида қабул қилинмоқда.

saylov

Сурат манбаси, Russian-controlled Kherson election commission

Аҳолига овоз бериш саналари тўғрисидаги маълумотлар билан СМС-хабарлар жўнатилган ва уларни сайлов участкаларига жалб қилиш учун бепул концертлар ўтказиш, таомлар тарқатиш каби советча усуллар қўлланмоқда.

"Фуқароларнинг босқинчи билан ҳамкорлик қилиши нормал эмас"

Украина овоз беришни сохта деб атади ва уни ташкил қилишда иштирок этганлар ҳужумга учради.

27 февраль куни, Херсон вилоятининг ишғол остидаги ҳудудларида муддатидан олдин овоз бериш куни Новая Каховкада иккита портлаш содир бўлди: бири "Ягона Россия" Кремль партияси офисига қарши, иккинчиси эса сайлов участкаси ёнида.

Ўтган ҳафта Украина Бош разведка бошқармаси Россия маъмуриятига сайловларда ёрдам берган маҳаллий аёл 6 март куни босиб олинган Запороже вилоятининг Бердянск шаҳрида автомобиль портлаши оқибатида «йўқ қилинганини»ини маълум қилди.

Украинанинг Запорожье вилояти губернатори Иван Федоров Би-би-сига ҳужумни ким амалга оширгани ҳақидаги саволга жавоб берар экан: "Буни кимдир қилди. Вақтинчалик босиб олинган ҳудудларда буни баъзи қаҳрамонлар қилмоқда".

"Бизнинг қаршиликларимиз фуқароларимизнинг руслар билан ҳамкорлик қилиши одатий ҳол эмаслигини кўрсатади. Кимдир буни тушунмади. Шунинг учун бу одам ўлдирилган."

mashina

Сурат манбаси, Ukrainian intelligence

Ҳужум ортидаги одамлар Украина давлатига алоқаси бор-йўқлигига ойдинлик киритиш учун Федоров қўшимча қилди: "Ҳа, албатта. Вақтинчалик босиб олинган ҳудудлардаги қаршиликларимиз ва разведка хизматларимиз ўртасида яқин ҳамкорлик бор".

Украинанинг босиб олинган ҳудудларида Россия ��айинлаган расмийлар ва оммавий ахборот воситалари сайловга тарғиб қилиш билан банд бўлса ҳам, улар бирор номзодни қўллаб-қувватлашга кўп эътибор қаратмаяпти, бунга эҳтиёж ҳам йўқ.

Владимир Путин бу ҳудудлар аннекция қилиниши бошида турган эди ва миллий миқёсда овоз бериш уни маъқуллагандек бўлади.

2024 йилги президентлик сайловларининг расмий рамзи - Украинадаги "махсус ҳарбий операция" билан боғлиқ V белгисидир. Россия Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган расмий шиор эса: "Биргаликда кучлимиз - Россия учун овоз берамиз!"

V белгиси ҳам, шиор ҳам Украинанинг босиб олинган ҳудудлари, жумладан, сайлов участкаларида тарқалган плакатларда акс этган.

Кремль оммавий ахборот воситалари аллақачон Украинада муддатидан олдин овоз беришни ажойиб муваффақият деб аташган.

"Бу демократия эмас, бу комик шоу"

"Бу ҳақиқий байрам эди! Мусиқа, шарлар ва Россия байроқлари билан! - дея хабар берди "Комсомольская правда" газетаси Херсон вилоятида 3 март куни якунланган муддатидан олдин овоз бериш кампанияси ҳақида. - Ўн минглаб одамлар!"

Кремль пропагандаси сайловдан Россиянинг Украинага бостириб кириши ва аннекциясини аҳоли гўё бир овоздан қўллаб-қувватлаётганини кўрсатиш учун фойдаланмоқда.

Аммо бу синчковлик билан ташкил этилган тадбир минглаб танқидчилар депортация қилиниши, қамоққа ташланиши ёки ўлдирилиши эвазига ўтказилмоқда. Кўпчилик, айниқса, ёшлар Россия истилоси остида яшашни истамай кўчиб кетган.

saylov

Сурат манбаси, Россия назорати остидаги Херсон сайлов комиссияси

Украинанинг Запорожье губернатори Иван Федоровнинг айтишича, унинг қисман босиб олинган вилоятининг маҳаллий аҳолисини овоз беришга мажбурлашмоқда: "Улар ҳар бир хонадонга, ҳар бир уйга боришяпти?

"Фуқароларимиз жуда қўрқади. Албатта, уларнинг квартирасига аскарлар ҳамроҳлигида руслар келиб, Путинга овоз беришни хоҳлайсизми, деб сўраса, ҳамма: ОК, ҳа, дейди. Чунки ҳеч ким ўлишни истамайди. Аммо бу фуқароларимиз Путинни қўллаб-қувватламоқчи дегани эмас".

Херсон вилоятида истиқомат қилувчилардан бири Би-би-сига унинг қишлоғида овоз бериш қандай ташкил этилгани ҳақида гапириб берди.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан унинг исмини ёки манзилини ошкор қила олмаймиз.

"Россияпараст маҳаллий аҳоли қуролли ҳарбий хизматчилар ҳамроҳлигида сайлов қутилари билан уйма-уй юришибди. Агар улар тақиллатса ва ҳеч ким жавоб бермаса, кейинги уйга ўтишади", дейди маҳаллий аҳоли вакили.

"Бу кулгили. Икки маҳаллий аҳоли - бири сайловчилар рўйхатини ушлаб олган, иккинчиси қутини кўтариб олган. Ёнларида автомат кўтарган аскар. Бу демократия эмас. Бу комик шоу".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek