Янгиликлар: Мирзиёев Анқарада - Туркия энди ўзгарадими ёки Ўзбекистон ўйламаса, ўзбекистонликлар қўрқмаса ҳам бўладими? Turkiya O‘zbekiston Мирзиёев Dunyo Yangiliklar

Mirziyoyev va Erdog'an

Сурат манбаси, Rasmiy/illyustrativ

Сурат тагсўзи, Туркия жорий пайтда Ўзбекистоннинг халқаро саҳнадаги энг муҳим сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ҳамкори, стратегик шериги ва яқин иттифоқчисидан биттаси бўлади.

Ўзбекистонликлар Мирзиёевнинг Туркияга ташрифидан нима кутишаётганини айтишди...

Алоқадор мавзулар:

Яна бир расмий ташриф

Erdog'an va Mirziyoyev

Сурат манбаси, Rasmiy

Ўзбекистон президенти Туркия пойтахтида

Ўзбекистон президенти шу соатларда тантанали кутиб олинди, Режеп Таййип Эрдоған билан кўришди.

Тор доирадаги музокаралар чоғида Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш, кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳукуматлар олдига товар айирбошлашни 5 миллиард долларга етказиш, жумладан, Имтиёзли савдо битими доирасида маҳсулот турларини кенгайтириш вазифаси қўйилди.

Истанбул шаҳрида Ўзбекистоннинг савдо ваколатхонасини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Хавфсизлик ва мудофаа, терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва мувофиқлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Расмий хабарларга кўра, Анқарага ташриф бир кун давом этади.

Мирзиёев ва Эрдоған Туркия пойтахтида Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилишини ўтказишган.

Икки давлат етакчи корхоналари ва ширкатлари раҳбарлари билан илк қўшма учрашувда ҳам иштирок этишган.

Тарафлар ўртасида ташқи меҳнат миграцияси ва ўзбекистонлик мигрантлар масаласи муҳокама этилгани-йўқлиги ҳозирча ноаён қолган.

Томонлар ҳамкорликнинг барча йўналишларини чуқурлаштиришга қаратилган декларацияни қабул қилинаётгани ва икки давлат раҳбарлари бошчилигида Ўзбекистон-Туркия Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилганини олқишлашган.

Туркия жорий пайтда Ўзбекистоннинг халқаро саҳнадаги энг муҳим сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ҳамкори, стратегик шериги ва яқин иттифоқчисидан биттаси бўлади.

Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан Ўзбекистон ўзаро алоқаларини ҳар томонлама кучайтириш ва мустаҳкамлаш ҳаракатида бўлган йирик геосиёсий, геоқтисодий ўйинчи давлат, ҳарбий қудрат.

Давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари ҳам энг фаолларидан.

Томонлар қисқа вақтнинг ўзида стратегик шерикликларини янги бир даражага олиб чиқиш режасини расман ва ошкора баён қилишган.

Икки ўртада тижорат ва эркин савдо битимини имзолаш, савдо айланмасини ҳам икки баробарга ошириш ниятини билдиришган.

Ўзбекистон-Туркия президентлари

Сурат манбаси, .

Туркия яқинда Ўзбекистон билан ҳарбий соҳада ҳам ҳамкорлигини кенгайтириш истагини расман изҳор этган, Марказий Осиёда кучайиб бораётган геосиёсий рақобат ва танглик манзарасида янгилик ўшанда четда кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортмай қолмаган.

Туркия дунёдаги энг йирик ҳарбий иттифоқ - НАТОнинг ягона мусулмон ва туркий тилли давлати бўлган тўлақонли аъзоси.

Бугунги геосиёсий зиддият ва кураш манзарасида минтақа учун мувозанат посангисида тош босиш салоҳияти, сўзи ва вазнига эга халқаро ўйинчи.

Жаҳоннинг ўзбекистонликлар кўп бўлган саноқли давлатларидан биттаси.

Яъни, визасиз Туркия ҳам бугун юз минглаб Ўзбекистон фуқароси учун Россия, Қозоғистон ва Жанубий Кореяга муқобил яна бир йирик меҳнат бозори бири сифатида муҳим.

Президенти дунёнинг ўзбекистонликларга катта виза енгилликларини берган оз сонли мамлакатларидан.

Истанбул

Сурат манбаси, NURPHOTO

Сурат тагсўзи, Туркияда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликлар сони юз мингларга нисбат берилади

Ҳам тижорат ва ҳам саёҳат илинжида бўлган катта сондаги ўзбекистонликларни ўзига жалб этиб келаётган ўлка.

Ўзбекистонга қардош, тилдош ва диндош.

Меҳнат миграциясининг эса, минтақада аҳолиси энг йириги бўлган ва улардан аксарияти ишсизлик ва камбағаллик ҳануз жиддий муаммолигича қолаётган чекка қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи Ўзбекистон учун муҳим.

Ўзбекистон ҳукумати учун мамлакатдаги ҳар қандай ижтимоий портлаш хавфини юмшатиб келаётган энг имконли, самарали ва амалий воситаларидан бири.

Аммо Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги ташрифи Туркияда ҳам Марказий осиёлик мигрантларга қарши рейдлар, текширувлар кучайган, ўзбекистонликларнинг Туркияга кириши тобора қийинлашиб бораётгани, ҳатто, мамлакатда қонуний мавқеъда бўлганларининг ҳам ортга депортация қилинаётганига оид хабарлар сони ортиб бораётган ва Москванинг Крокусидаги қонли ҳужумдан кейин расмий Анқара кутилмаганда Тожикистон билан амалда бўлган визасиз тартибни бекор қилгани минтақада жиддий хавотирларга сабаб бўлаётган бир пайтга тўғри келган.

Ташқи меҳнат миграцияси ва ўзбекистонлик мигрантлар масаласи сўнгги ҳафталарда Шавкат Мирзиёев энг кўп эътибор қаратаётган мавзу, муаммолардан бири бўлади.

Ўзбекистон президенти куни-кеча худди шу масалани "нозик" ва "муҳим" деган талқинда Тошкентда Россия Президенти Владимир Путин билан ҳам муҳокама қилинган олгани расман ҳабар берилган.

Шундай экан, президент Шавкат Мирзиёевнинг расмий ташрифи манзарасида Туркиядаги ўзбекистонликлар орасида кайфият қандай? Улар бу ташрифдан нималарни кутишаяпти?

Sohiba Hayot

Сурат манбаси, facebook

Соҳиба Ҳаёт

Мигрант.уз мухбири, Истанбул, Туркия

Ҳужжат, икки фуқаролик, авф ва киришдаги муаммолар - Туркиядаги ўзбек мигрантлар Мирзиёевдан нималарни кутишмоқда?

Ўзбекистон президентининг Туркияга ташрифини бу мамлакатда яшаб ишлаётган минглаб ўзбекистонликлар ҳам кузатмоқда.

Туркия ўзбекистонликларнинг меҳнат муҳожирлигига энг кўп кетувчи 5 давлатнинг биридир.

Расмий рақамларга кўра, Туркияда 55 мингга яқин ўзбекистонликлар яшаб, ишлайди.

Кузатувчилар эса, мамлакатдаги ўзбекистонликлар сони амалда бундан ўн баробар кўп эканини айтишади.

Норасмий рақамларга кўра, Туркияда 300 мингга яқин ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида.

Бу мигрантларнинг катта қисми ўзбек аёллари бўлиб, асосан хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлашади.

Туркиядаги ўзбекистонликлар Ўзбекистон президенти ташрифидан нималарни кутишмоқда?

Истанбулдаги бир неча муҳожирларга мурожаат қилдик:

Iqtibos

Сурайё,

Кекса боқувчи:

3 ойгача визасиз бўлгани учун тўғри келганман. Ҳеч қандай ҳужжатим йўқ. Ўзбекистонга кета олмайман, чунки 3 ойдан кейин бирон ҳужжат қилмаганим учун кетишимда жарима ва киришга тақиқ қўйилади.

Аввал 4 йил Москвада ишлаганман. Доллар кўтарилди, патент қимматлаб кетди, "регистрация", "квартира", яшаш ҳаражатлари билан уйга юборадиган пул камайиб кетди.

Истанбулда ишлайдиган таниш аёл шу ишини менга "сотиб" кетди. Яъни, 200 доллар эвазига ў��и ишлаб турган шу ишни менга қолдирган. 20000 лира (600 доллар атрофида) ойлик оламан. Ҳафтада бир кун дам, дам олиш кунига 200 лира (6 доллар атрофида) беришади. Шу уйда яшашим, еб-ичишим бепул. Уйга ҳар ой 600 доллар юбораяпман.

Таққосласак, Россияда ойлик кўпроқ бўлгани билан харажатларга кўп кетарди ва уйга орттириб 500 доллар юборардим. Туркияда ойлик кам бўлгани билан харажатим йўқ.

Яна энг яхшиси, бу ерда одамлар яхши, ҳавоси, манзараси яхши. Менга Россиядан кўра, бу ерда ишлаш жуда ёқди. Фақат ҳужжатни ўйласам, ичим сиқилади.

Қанийди, президентимиз Туркияга келганида ўзбекистонликларга ҳужжат қилишни ҳам гаплашсалар.

Istanbul

Сурат манбаси, Taqdim/illyustariv

Сурат тагсўзи, Расмий рақамларга кўра, Туркияда 55 мингга яқин ўзбекистонликлар яшаб, ишлайди.

Ҳакимбек,

Тикув цехи устаси:

Мен 8 йилдан бери текстиль ишида ишлайман. Уста даражасига чиққаним учун 26000 лира (800 доллар атрофида) атрофида маош оламан. Ҳар йили яшаш рухсатномаси оламан, шу ҳужжат билан ишлайман. Охирги 2 йилгача бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ эди. Кейинги йиллар яшаш рухсатномаси муддатини узайтиришим бироз қийин бўла бошлади: одатдагидек 1 йил эмас, 6 ойга узайтиришаяпти. Шунга ҳам хурсанд бўладиган бўлиб қолдик. Сабаби, бу ҳужжатни олишга берилган аризалар аксар ҳолларда рад қилинаяпти.

Президентимизнинг Туркияга келаётганликларини эшитдим, ўқидим. Тушунишимча, бу ташрифда кўпроқ сиёсий масалалар кўрилса керак. Мигрантларга алоқадор бирон гап бўлиши ҳақида ҳеч қаерда кўзим тушмади. Шунда ҳам, барибир умид қиламиз.

Биз Туркияни яхши кўрамиз, бу ерда ишлаётганимиздан жуда хурсандмиз.

Фақат шу ҳужжат масаласида ўзбекистонликларга енгиллик берилишини Президентимиз Эрдоған билан гаплашишларини жуда истардик.

Iqtibos

Малика,

Уй бекаси:

Неча йиллардир, Шавкат Мирзиёевдан икки фуқароликка рухсат беришларини кутамиз.

Туркия фуқароси билан турмуш қурганман, 2 фарзандим бор. Ўзим ҳам турк паспортини олганман. Ўзбекистон паспорти ҳам турибди. Иккала паспорт ҳам бизга керак. Икковидан ҳам фойдалансак бўладими?

Консулликдан ҳам, уйга борганда паспорт столидан ҳам бир неча марта сўрадим. Ҳеч ким аниқ жавоб айтмайди.

Ҳаммаёқдан шу бўйича маълумотлар изладим, аниқ маълумот йўқ.

Аросатда қолган одамдек юрибмиз.

Мирзиёев келсалар шу икки фуқаролик масаласини ҳам ҳал қилсалар менга ўхшаган турк ватандоши билан оила қурганлар учун жуда катта яхшилик қилган бўлардилар.

Istanbul

Сурат манбаси, Taqdim/illyustrativ

Сурат тагсўзи, Туркия ўзбекистонликларнинг меҳнат муҳожирлигига энг кўп кетувчи 5 давлатнинг биридир.

Фурқат,

Талаба:

Хабарларни кузатиб бораман, президентимиз асосан савдо-сотиқ, тижорат масалалари бўйича янги келишувлар учун келаяптилар.

Адашмасам, Анқарада ўзбек тадбиркорлари билан учрашадиларми?

Биз Президентимизнинг Туркияда ўқиётган ўзбекистонлик ёшлар билан ҳам учрашишларини кутамиз.

Президентимиз бу ерда кўплаб ўзбек ёшлари турли мутахассисликларга ўқиётганини билишларини, ютуқларимиз ҳақида гапиришни истаймиз.

Камола,

Уй бекаси:

Менга президентимиз билан учрашиш имкони берилса, улардан кечирим сўрашни, мени авф этишларини сўрайман.

Кўп марта президентимиздан кечирим сўраб хатлар ёздим, етиб бормаяпти шекилли.

Мен оилавий сабаб билан Туркияга келганман. Маълум сабабларга кўра, Ўзбекистонга қайта олмаяпман. Тошкентда икки ўғлим қариб қолган ота-онамда. Уларни кўрмаганимга 11 йил бўлди.

Президентимиз келсалар, мен каби адашганларни кечириб, ватанга қайтишимизга рухсат беришларини истардим.

Iqtibos

Миракмал,

Юк юборувчи:

Президентимиз келганлари яхши, эшитиб хурсанд бўлдик.

Лекин визасиз бўлишига қарамай, ҳамма ҳам кела олмаяпти.

Ўзингиз неча марта ёздингиз: Туркия бу ерга умрида биринчи марта келаётганларниям қайтариб юбораяпти.

Бир қўшним касал эди, даволанишга келаётганди.

Аэропортни ўзидан қайтариб юборишди.

Йўлкирага куйгани майлию, соғлиги нима бўлади? Ўзбекистон тиббиёт бир аҳволда бўлса!

Видеоларда кўрдим, қанча одам киритилмаяпти. Ёш йигитлар кўп экан. Балки бор пулига билет олиб йўлга чиққандир.

Президентимиз келсалар, илтимос, ўзимизда иш бўлмаганидан кейин ҳеч бўлмаса, бошқа давлатларга ишга борсак, аэропортдан қайтариб юборишмасин.

Буни президентимиздан бошқа ҳеч ким ҳал қилолмайди. Бир оғиз гаплари, илтимос Эрдоғанга айтсалар, Туркияга келиш муаммо бўлмаса.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002