Ўзбекистон: «Масъулиятсиз раҳбар» кўкрак нишони ва Facebook яна блокландими? O'zbekiston

Фейсбукдан фойдаланиш

Сурат манбаси, .

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Facebook'га киришда муаммоларга дуч келаётгани, яна VPN-иловалардан фойдаланишга мажбур бўлаётгани ҳақида ёзмоқда.

Бундай хабарлар ортидан Ўзбекистонда Facebook яна блокланди, деган фаразлар ўртага чиққан.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳмадов Kun.uz мухбирининг бу борадаги саволига жавобан ўзи Facebook тармоғига киришда муаммоларга дуч келмаганини, тармоқ кимдадир яхши ишламаётган бўлса, бу масалани Facebook эгаларидан сўраш мақсадга мувофиқлигини маълум қилган.

«Ўзкомназорат» давлат инспекцияси вакили Азамат Акобиров эса ўзининг Telegram'даги каналида Facebook ижтимоий тармоғидаги узилишларни ўрганиш инспекция ваколатига кирмаслигини айтиб, Facebook'га оммавий киришда муаммо бор, дейиш учун ҳеч қандай асос йўқлигини таъкидлаган.

«Эҳтимол, бу қайсидир провайдер ёки мобил алоқа операторининг ускуналарни модернизация қилиши ёки профилактика ишлари билан боғлиқдир», деб ёзган Акобиров.

Эслатиб ўтиш жоиз, ўзбекистонликлар 2018 йил сентябрь ойидан 2019 йил февралига қадар Facebook ва YouTube'га киришда тўсиқларга юз келган эди.

Ўшанда расмий бу йирик тармоқлар мамлакат ҳудудида блокланганини рад этиб, ҳолатни «техник муаммолар» билан изоҳлаганди.

"Масъулиятсиз раҳбар" кўкрак нишон��

Кўкрак нишони

Сурат манбаси, Auz.uz

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ўз қўл остидаги раҳбар ходимлар фаолияти натижасини кўкрак нишонлари орқали белгилаш ташаббусини илгари сурди.

Бу ҳақида муассиси «Андижоннома» ва «Андижанская правда» газеталари таҳририяти бўлмиш Auz.uz сайти ёзган.

"Шуҳрат Қўшоқбоевич ошкоралик, шаффофлик масаласида яна бир халқчил ташаббусни илгари сурди - раҳбарларнинг ишдаги натижаларига қараб, уларни кўкрак нишони билан сийлаш.

Бу душанба кунлари ўтказиладиган ҳокимлик соатида аниқланади. Оқсоқликка йўл қўйган шаҳар, туман ёки ташкилот каттасининг кўксига шу ернинг ўзида қизил рангли нишон тақилади. Топшириқни дўндирганларга эса кўк рангли нишон топширилади. Йиғилишдан чиқиб, тақдирланганлар журналистлар орқали халқ олдида ҳисоб берадилар. Ошкораликми? Ошкоралик! Ҳокимиятнинг бирдан бир манбаси халқ бўлгандан кейин унинг олдида ҳисобдорликни шундай усулда ҳам қўллаш мумкин", дейилади сайтда эълон қилинган мақолада.

Тарқатилган суратларда қизил рангли кўкрак нишонида «Масъулиятсиз раҳбар», мовий ранглисида эса «Масъулиятли раҳбар» ёзувларини ўқиш мумкин.

Хабарда айтилишича, уч ҳафта давомида қаторасига қизил нишонга лойиқ кўрилган раҳбар масаласи алоҳида кўриб чиқилади.

Мактабларда "Тарбия" фани жорий этилади

Мактабларда «Одобнома», «Ватан туйғуси», «Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари» ҳамда «Дунё динлари тарихи» фанларини бирлаштирган ҳолда ягона «Тарбия» фани 1-9-синфларда - 2020-2021 ўқув йилидан, 10-11-синфларда эса 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб фанларга ажратилган умумий соатлар доирасида босқичма-босқич амалиётга жорий этилади.

Бу ҳақида 6 июль куни ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилинган.

Қарорга кўра, 2020 йил июль ойидан бошлаб янги ўқув йили бошлангунга қадар умумтаълим мактабларидаги "Бошланғич таълим", «Миллий ғоя ва ҳуқуқ», «Тарих» ва «Диншунослик» мутахассислигига эга фан ўқитувчилари учун халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларида "Тарбия" фанидан онлайн шаклда малака ошириш курслари ташкил этилади.

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масаласи муҳокама қилинди

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги муҳокамасига бағишланган йиғилиш

Сурат манбаси, Mift.uz

Женевада видеоконференция шаклида Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилотига кириши бўйича Ишчи гуруҳининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон делегациясига Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилик қилган.

Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Йиғилиш доирасида Ўзбекистон томонидан ташқи савдо соҳасидаги тартибга солишни ЖСТга аъзо давлатлар томонидан тан олинган меъёрлар ва стандартларга мувофиқлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар қайд этилган.

«Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши бўйича Ишчи гуруҳининг 4-йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш жараёнида Ташкилот Котибиятига зарур ҳужжатларнинг тўлиқ тўплами, жумладан, аъзо мамлакатларнинг 300 дан ортиқ саволларига жавоблар, савдо соҳасида техник тўсиқлардан фойдаланиш, санитария ва фитосанитария чоралари, божхона баҳолаш бўйича суратли саволларнинг назорат рўйхатлари, импортни лицензиялаш жараёни тўғрисидаги саволнома, интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдо жиҳатлари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, миллий қонунчиликни ЖСТ келишувлари меъёрларига мувофиқлаштириш бўйича Режа тақдим этилди» дейилади хабарда.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek