Коронавирус: Хитой вакциналари ҳақида нима биламиз? Koronavirus vaksina Xitoy

Хитой вакцинаси Бразилияда синалди

Сурат манбаси, Fabio Motta

Сурат тагсўзи, Хитой вакцинаси Бразилияда синалди

Covid-19 биринчи бўлиб аниқланган мамлакат Хитой дунё аҳолисини бу ҳалокатли вирусга қарши эмлашда ҳам пешқадам бўлиши мумкинми? Aксар таҳлилчилар фикрича, Хитой аллақачон "вакцина дипломатияси пойгасида олдинда кетмоқда". Ўзбекистон ҳам Хитой вакцинасига кўз тиккан.

Хитойда 2020 йилнинг бошиданоқ Covid-19га қарши вакциналар устида тадқиқотлар бошланган, ҳозир дунёнинг бошқа мамлакатларига тарқатилаётган Хитой вакциналари орасида энг кўзга кўринганлари Sinovac компаниясининг CoronaVac вакцинаси ва Sinopharm давлат ширкати вакцинасидир.

Sinopharm иккита вакцина чиқарган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Бундан ташқари, Хитойдаги бир неча медицина илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда CanSino Biologics ва Anhui Zhifei Longcom ширкатлари вакциналари устида ҳам синовлар олиб борилмоқда, одамлар эмланаяпти.

Хитойда ишлаб чиқарилган вакциналар билан дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатида одамлар коронавирусга қарши эмланмоқда.

Хитойдаги вакциналар шу вақтгача хасталикларга қарши тайёрланган вакциналарнинг анъанавий йўлида ишлайди.

Sinovac ва Sinopharm вакциналари Гепатит А ва қутуришга қарши қўлланадиган вакциналардек ишлайди: Covid-19 вируси ўлдирилади ва инсон танасига юборилади.

Вирус ўлик бўлгани учун у Covid-19 ни пайдо қилмайди.

Sinovac вакциналари

Сурат манбаси, Getty Images

Sinopharm вакцинаси Хитой ҳукумати илк маъқуллаган вакцина

Эмланган одам иммунитети реакцияга киришади ва аксилтана ишлаб чиқаради. Шу йўл билан инсон организми инфекцияга қарши курашга тайёр туради.

Ғарбдаги Pfizer ва Moderna вакциналари эса коронавируснинг генетик кодини ажратиб олиш билан ясалган ва вакцина инсон организмига юборилганидан кейин коронавирусни таниб олиш ва инсон танаси ичига тушиши билан вирусга ҳужум қилишга "ўргатилган" бўлади.

Хитой вакциналарининг афзаллиги сифатида уларни оддий музлатгичда сақлаш ва ташиш мумкинлиги айтилмоқда.

Pfizer/BionTech вакцинаси учун - 70 даража ҳарорат, Moderna вакцинаси учун эса - 20 ҳарорат талаб қилинади.

Бу жиҳатдан Хитой вакциналари сақлаш ва тарқатишда устунликка эга: уларни дунёнинг ҳаво ҳарорати +30 дан камдан-кам тушадиган ва йўл йўқ мамлакатларига ҳам етказиш қийин бўлмайди.

Хитойнинг икки машҳур вакцинасини ҳам икки дозада олиш керак.

Ғарбда Хитой вакциналарининг нақадар самарали экани шубҳа остига олинди, бунда сиёсий ёндашув таъсири бўлгани ҳам кузатилди.

Танқидчилар Хитой вакциналарини одамларда синов ўтказиш билан боғлиқ дунё амалиётида талаб қилинадиган шартларига қанчалар риоя этилгани ноаёнлигини рўкач қилишади: айрим вакцинанинг биринчи ва иккинчи, бошқа бир вакцинанинг эса учинчи фазадаги синовлари ҳақидаги маълумотлар эълон қилинган.

Шунга қарамасдан, кўплаб мамлакатлар Хитой вакциналарини сотиб олишга қарор қилган.

Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайнда эмлаш тиббиёт ходимларидан бошла��ди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайнда эмлаш тиббиёт ходимларидан бошланди

2020 йил охирида Хитой ҳукумати Sinopharm вакцинасини бозорга чиқаришга расман рухсат берди. Ўшанда ширкат ўз вакцинасининг 79 фоиз самарали экани ҳақида эълон қилди.

Шу вақтгача Sinopharm вакцинаси бир миллиондан ортиқ инсонга урилгани хабар қилинади.

Ширкатга кўра, ўз вакцинасининг учинчи босқич синовлари Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Перу, Сербия, Марокаш, Аргентина, Иордания ва Покистонда ўтказилган.

Ўзбекистон ҳукумат ҳайъатининг Хитойга ташрифи чоғи Sinopharm вакцинасининг учинчи босқич синовини Ўзбекистонда ҳам синаб кўришга келишилганди.

Покистон ўзининг 220 миллионлик аҳолисини оммавий эмлашни январь ойидан бошлади, дастлабки вакциналар орасида Хитой совға қилган 500 минг доза Sinopharm вакцинаси ҳам бор.

Бу вакцинани Сербия ва БАА маъқуллади.

Sinovac CoronaVacи

2021 йил январи охирида Sinovac Biotech ширкатининг CoronaVac вакцинаси ҳам Хитой ҳукумати томонидан расман маъқулланди.

CoronaVacнинг учинчи босқич синовлари ўтган йилнинг июль ойида дунёнинг қатор мамлакатларида бошланган эди.

Улар орасида Бразилия, Бангладеш, Индонезия, Туркия ҳам бор эди.

Бу вакцинанинг самаралилиги борасида турлича рақамлар эълон қилинди: Туркия уни 91 фоиз, Индонезия эса 65 фоиз, Бразилия 50,4 фоиз самарали деб топди.

Бу Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти вакцина учун талаб қилинадиган эффективлик шартидан озроқ юқори.

Бироқ Лондон Коллеж Университетидан Oksana Pzyk айтишича, инсон аҳволи ўта оғирлашиб кетмаслиги йўлида бу вакцинани қўллаш фойдалидир.

"Мақсад шуки - одамнинг аҳволи ҳаддан зиёд оғирлашиб шифохонага тушмасин. Шу нуқтаи назардан бу вакцина инсон ҳаётини сақлаб қоладиган жуда фойдали восита ва биз ҳамма имконли воситаларни ишга солганимиз маъқул деб ҳисоблаймиз", дейди олима.

Бразилия расмийлари SinoVac вакциналарини январда олдилар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бразилия расмийлари SinoVac вакциналарини январда олдилар

Sinovac вакцинасини сотиб олиш бўйича Хитой билан Сингапур, Малайзия, Филиппин, Бразилия ва Чили шартнома имзолаган.

Индонезия бу вакцина билан аҳолисини эмлашни йил бошида бошлади.

Талаб катталиги боис Sinovac қисқа вақтда 20 минг квадрат метр майдонда янги фармацевтика заводини қуриб ишга туширди, ширкат энди йилига 300 миллион дозагача вакцина ишлаб чиқаришга қодир бўлиши айтилди.

Хитой вакциналарини маъқуллаш-маъқулламаслик масаласини Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти март ойида кўриб чиқишни режалаган.

Хитой кредитига Хитой вакцинаси

Аммо аксар таҳлилчилар фикрича, Хитой аллақачон "вакцина дипломатияси пойгасида олдинда кетмоқда".

Хитой Президенти Си Цзиньпин Африка қитъасидаги мамлакатларга $2 миллиардлик, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси мамлакатларига $1 миллиардлик вакцина учун кредит ажратишга ваъда берган.

Ушбу келишув шартлари қандай бўлиши номаълум.

"Пекин ушбу ҳаётни асраб қоладиган технологиядан ўзининг тужжорий ва дипломатик манфаати йўлида фойдаланиши аниқ. Унда ҳозир бошқа мамлакатларга жуда муҳтож бўлиб турган нарса бор ва вакцина тақдим этишни ўзига хос хайрия амали сифатида кўрсатишни хоҳламоқда", дейди MERICS таҳлилчиси Jacob Mardell АҚШнинг ABC каналига берган интервьюсида.

Хитой вакциналари хорижга қанчага сотилиши очиқланаётгани йўқ. BBC журналистлари Хитойнинг Yiwu шаҳридаги ҳамширалар эмланиши 400 юанга тушишига гувоҳ бўлганлар. Бу $60 деганидир.

Индонезиядаги давлат тасарруфидаги Bio Farma ширкатидан маълум қилишларича, Хитой вакцинасининг нархи 200000 рупия ёки $13.60 ни ташкил этади

Бу нарх Оксфорд-AstraZeneca вакцинасидан қиммат - Британия вакцинасининг бир дозасининг нархи $4 га баҳоланган.

Аммо Moderna вакцинасининг бир дозасига $33 деб нарх қўйилган.

Ўзбекистон ҳам Хитой вакцинасига кўз тик��ан

Ўзбекистон ҳам Хитой вакцинаси синовининг учинчи босқичида қатнашган мамлакат бўлди: 2020 йил ноябрида охирида Тошкентда Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва оиласи аъзолари Хитойнинг Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co., Ltd компанияси вакцинаси билан эмланганлар.

Ўзбекистонда кўнгиллилар Хитой вакцинасини олишлари, бунинг учун уларга ҳақ тўланиши, жами 5000 ўзбекистонликда вакцина синаб кўрилиши хабар қилинди.

Вакцина синовида иштирок этгани учун Ўзбекистон Хитойдан имтиёзли нархда вакцина сотиб олиши мумкин бўлади.

Ўзбекистон расмийлари Sinopharm компанияси вакцинасини ҳам сотиб олишга қизиқиш билдирганлар.

Россия ҳукумат вазири ўтган йил декабри бошида Ўзбекистонга Россиянинг Sputnik V вакцинасини олиб борган.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг айтишича, "бир нечта вакциналар синовдан ўтказилиб, улар орасидан энг самаралиси аҳолини эмлаш учун танлаб олинади".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek